Нукусда қарийб 78 грамм "марихуана"нинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қаратилган навбатдаги тезкор тадбир амалга оширилди.
Тадбир давомида Нукус шаҳри ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган фуқаро белгиланган тартибда тўхтатилиб, холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилди.
Кўрик жараёнида мазкур шахсга тегишли қора рангли қўл сумкаси кўздан кечирилганда, унинг ичида 16 дона гугурт қутисига яширилган, жами қадоғи билан 77,56 грамм оғирликдаги “марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири