Тест синовлари бўлиб ўтмоқда
Бугундан 2026/2027 ўқув йили учун олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тестларни юқори савияда ва белгиланган тартиб-қоидаларга мос тарзда ташкил этиш учун зарур барча чора-тадбирлар кўрилди.
Тест синовлари республика бўйлаб белгиланган ҳудудларда ташкил этилиб, икки сменада ўтказилаяпти. Мазкур тест синовлари жараёнлари 23 июлга қадар (10 кун) бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилда жами 677 минг 907 нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтди. Шундан ёшларнинг 451 минг 744 нафарини жорий йил битирувчилари, 226 минг 163 нафарини таълим муассасаларини аввалги йилларда тамомлаган фуқаролар ташкил этди.
[gallery-30411]
Тест синовларида иштирок этадиган абитуриентлар сони 664 минг 609 нафарни ташкил этади. Айтиш керакки, салкам 13 минг нафар абитуриент тестларда иштирок этмайди. Сабаби, улар миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлиб, максимал 189 бални жамғариб, муддатидан олдин талабаликка эришган ёшлар.
Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2025/2026 ўқув йилида олий таълим муассасаларида ҳужжат топшириш жараёнида бу кўрсаткич 678 нафарни ташкил этган эди. Қарийб 13 минг нафар ёшнинг тест синовларисиз талабаликка қабул қилиниши давлатимиз раҳбарининг ёшлар билимини рағбатлантиришга оид ислоҳотлари амалий натижасидир.
Агар ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, жорий ўқув йилида давлат олий ва касбий таълим ташкилотларига кириш учун Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё, Андижон вилоятларидан абитуриентлар энг кўп онлайн рўйхатдан ўтган.
Ёшларда айниқса, ҳуқуқшунослик, иқтисодиёт, тиббиёт, ахборот технологиялари каби йўналишларга қизиқиш катта.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА мухбирлари