Чиқинди полигонларидаги ёнғинлар – глобал муаммо
Сўнгги кунларда Оҳангарон чиқинди полигонида юз берган ёнғин ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.
Айримлар бу ҳолатни чиқиндилар ҳажмини камайтириш мақсадида атайлаб амалга оширилади, деган тахминларни ҳам илгари сурмоқда. Бироқ мутахассислар таъкидлаётганидек, полигонлардаги ёнғинларнинг келиб чиқиши сунъий эмас, балки табиий ва технологик омиллар билан боғлиқ.
Чиқиндини ёқиш ҳеч кимга манфаат келтирмайди
Полигонда юз берган ёнғин, энг аввало, уни бошқараётган ташкилот учун катта иқтисодий зарар демакдир. Ёнғинни бартараф этиш учун юзлаб тонна сув, махсус техника, ёнилғи, тупроқ ҳамда кўп сонли инсон ресурслари сафарбар қилинади. Бу эса чиқиндини қайта ишлаш орқали даромад олиш мумкин бўлган шароитда ҳеч қандай иқтисодий мантиққа эга эмас.
Бугунги кунда мамлакатдаги полигонларда чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини кенгайтириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу эса чиқиндини ёқиш эмас, уни иқтисодий ресурсга айлантириш устувор вазифага айланганини кўрсатади.
Ёнғинларнинг асосий сабаби – табиий жараёнлар
Мутахассислар фикрича, полигонлардаги ёнғинлар асосан тўртта омил таъсирида содир бўлади.
Аввало, маиший чиқиндиларнинг қарийб ярмини органик чиқиндилар ташкил этади. Жазирама ҳавода улар парчаланиб, метан ва бошқа ёнувчан газларни ҳосил қилади. Полигон ичида тўпланган ушбу газлар кичик учқун ёки юқори ҳарорат таъсирида ҳам йирик ёнғинга сабаб бўлиши мумкин.
Иккинчи омил – газ сақланган аэрозол идишлари ва зажигалкалардир. Кучли иссиқ таъсирида улар ичидаги босим ошиб, портлаш хавфи юзага келади ва атрофдаги чиқиндиларни алангалантиради.
Учинчи сабаб сифатида шиша бўлакларининг қуёш нурини бир нуқтага жамлаб, лупа вазифасини бажариши келтирилади. Бу ҳолат айниқса, пластик ва полиэтилен чиқиндиларининг ёниш эҳтимолини оширади.
Тўртинчи омил эса овқатланиш шохобчалари ва хонадонлардан чиқариладиган кул ҳисобланади. Сиртдан совугандек кўринган кулнинг ичидаги чўғ бир неча кун сақланиши мумкин. Полигонга келиб тушгач, юқори ҳарорат таъсирида у чиқиндиларнинг ички қатламида ёнғинни бошлаб беради.
Табиий жараёнлар асосий сабаб бўлса-да, инсон омилини ҳам инкор этиб бўлмайди. Айрим полигонларда чиқиндиларни қатламлаб жойлаштириш, зичлаш ва ҳар куни тупроқ билан қоплаш каби экологик талабларга етарли даражада амал қилинмаган. Бу эса чиқиндилар орасида ҳаво бўшлиқлари пайдо бўлишига, метан ва кислороднинг ўзаро таъсири кучайишига сабаб бўлади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, полигонларни замонавий технологиялар асосида бошқариш, экологик талабларга қатъий риоя қилиш ва доимий назоратни кучайтириш ёнғинлар хавфини сезиларли даражада камайтириши мумкин.
Чиқинди полигонларидаги ёнғинлар – глобал муаммо
Чиқинди полигонларидаги ёнғинлар дунёнинг кўплаб давлатларида кузатилади. Ҳатто иқлими нисбатан салқин бўлган мамлакатларда ҳам ҳар йили ўнлаб шундай ҳолатлар қайд этилади. Бу эса мазкур масала глобал экологик муаммо эканини кўрсатади.
Мамлакатимизда ҳам профилактика чоралари кучайтирилгани натижасида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Агар ўтган 2025 йил давомида полигонларда 44 та ёнғин қайд этилган бўлса, 2026 йил бошидан буён уларнинг сони 19 тани ташкил этган.
Чиқинди полигонларидаги ёнғинларни турли тахминлар билан эмас, илмий ва технологик жиҳатдан баҳолаш муҳим. Муаммонинг ечими чиқиндиларни саралаш маданиятини ривожлантириш, аҳоли экологик онгини ошириш, полигонларни замонавий бошқарув тизимига ўтказиш ва экологик талабларга қатъий амал қилиш билан бевосита боғлиқ.
Чиқиндига муносабатни ўзгартириш нафақат ёнғинлар хавфини камайтиради, балки атроф-муҳит муҳофазаси, аҳоли саломатлиги ва қайта ишлаш иқтисодиётини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА