Ноқонуний электр истеъмолига қарши назорат қанчалик самара бермоқда?
Мамлакатимизда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, электр таъминоти тизими барқарорлигини сақлаш ҳамда ноқонуний истеъмол ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Бу борада амалга оширилаётган чоралар нафақат қоидабузарликларни аниқлаш, балки электр тармоқларининг ишончли ишлашини таъминлаш ва истеъмол маданиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
“Ўзэнергоинспекция” томонидан Сирдарё вилоятида ўтказилган галдаги назорат тадбирида “S. S. I.” МЧЖга қарашли корхонада реактив қувватни компенсация қилиш ишлари ташкил этилмагани ҳамда электр энергиясидан самарасиз ва нооқилона фойдаланиб келинаётгани маълум бўлди. Мазкур ҳолат қонунчилик талаблари бузилиши сифатида баҳоланиб, Ўзбекистон Республикасининг 940-сонли қонуни 45-моддасига мувофиқ корхонага 37,1 миллион сўм миқдорида иқтисодий санкция қўлланилди.
Назорат тадбирлари давомида Хоразм вилоятида яна бир жиддий ҳолат аниқланди. Унга кўра, “T. A.” МЧЖга қарашли ғишт заводида ҳисоблагичнинг уланиш схемаси ўзбошимчалик билан ўзгартирилиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинган. Ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қоидабузарлик оқибатида электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 763 миллион сўмлик зарар етказилган.
Соҳадаги ишлар фақат қоидабузарликларни аниқлаш билан чекланиб қолмаяпти. Электр энергетикаси инфратузилмасининг барқарор ишлаши ва техник хавфсизликни таъминлашга қаратилган чоралар ҳам доимий назоратда турибди.
Хусусан, “Ўзэнергоинспекция” бошлиғи Дадажон Исақулов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳрида жойлашган 110/10/6 кВ кучланишли “Вистовочная” подстанциясида амалга оширилаётган техник таъмирлаш ва тиклаш ишларини ўрганди. Ўрганиш жараёнида носозлик сабаблари, ёнғин оқибатида зарар кўрган техник қурилмаларни қайта тиклаш ишлари ҳамда объектда хавфсизлик талабларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳозирги вақтда подстанция ҳудудида зарар кўрган қурилмаларни тиклаш, уларни алмаштириш ва электр ускуналарининг ишончли ишлашини таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, масъулларга техник эксплуатация ва хавфсизлик бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Мутахассислар қайд этганидек, электр энергиясидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларига қарши қатъий назорат ўрнатиш тармоқда барқарорликни таъминлаш, энергия йўқотишларини қисқартириш ҳамда истеъмолчилар учун ишончли электр таъминотини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА