Ёш қутқарувчи: самарқандлик ва қорақалпоғистонлик ёшлар ғолиб
1-3 июнь кунлари Самарқандда умумтаълим мактаблари ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар мусобақасининг Республика босқичи ўтказилди.
Мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан қуйи босқичларда ғолиб бўлган жамоалар иштирок этди.
Бешта шарт бўйича ўтказилган мусобақа якунида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида биринчи ўринни Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманидаги 17-умумтаълим мактаби ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги 31-умумтаълим мактаби жамоалари қўлга киритди. Иккинчи ўрин Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 295-умумтаълим мактаби жамоасига, учинчи ўрин эса Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги 2-умумтаълим мактаби жамоасига насиб этди.
[gallery-29773]
Мусобақанинг профессионал таълим муассасалари ўртасидаги баҳсларида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги 1-техникум жамоаси ғолибликни эгаллади. Кейинги совринли ўринларни Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми ҳамда Ички ишлар вазирлиги қошидаги Жиззах академик лицейи жамоалари қўлга киритди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан муносиб тақдирланди.
Тадбир доирасида иштирокчилар учун Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликларга саёҳат, маданий дастурлар ташкил этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари