Ипотека бозори: ставкалар нолдан 32 фоизгача кенг диапазонни ташкил этмоқда
Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи давлат ижтимоий сиёсати ва иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда ипотека бозорини ривожлантириш, аҳоли учун молиявий имкониятларни кенгайтириш ҳамда уй-жой харид қилиш жараёнларини енгиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда ипотека бозори нафақат қурилиш соҳаси, балки банк-молия тизими ва аҳоли фаровонлигининг муҳим кўрсаткичи сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Бозордаги фоиз ставкалари, кредит муддатлари ва молиялаштириш ҳажмларидаги ўзгаришлар аҳолининг уй-жойга бўлган талабини, шунингдек, тижорат банкларининг рақобат муҳитидаги фаоллигини яққол акс эттиради.
2026 йилнинг биринчи чораги якунлари ипотека бозорида янги тенденциялар шаклланаётганини кўрсатди. Хусусан, банклар томонидан таклиф этилаётган маҳсулотларнинг табақалашуви, «яшил ипотека» каби янги йўналишларнинг ривожланиши ҳамда узоқ муддатли молиялаштириш имкониятларининг кенгайиши бозорнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганидан далолат бермоқда.
2026 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Ўзбекистон ипотека бозорида муҳим ўзгаришлар кузатилди. Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маълумотларига кўра, тижорат банклари томонидан таклиф этилаётган ипотека маҳсулотлари турлари кенгайиб, аҳолининг турли қатламлари эҳтиёжларига мослашган ҳолда табақалашиб бормоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакат ипотека бозорида фоиз ставкалари 0 фоиздан 32 фоизгача бўлган кенг оралиқда таклиф этилмоқда. Бу ҳолат бозорда турли молиявий маҳсулотлар ва дастурларнинг мавжудлигини англатади.

Айрим қурилиш ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларда дастлабки давр учун 0 фоизли имтиёзли шартлар қўлланилаётган бўлса-да, ипотека кредитларининг асосий қисми 23–28 фоизлик ставка доирасида жамланган. Бу эса аҳолининг катта қисми айнан мазкур шартлар асосида уй-жой харид қилаётганини кўрсатади.
Сўнгги йилларда энергия тежамкор технологияларга бўлган қизиқиш ортиши муносабати билан «яшил ипотека» маҳсулотлари ҳам ривожланмоқда. Ушбу сегментдаги кредитлар бўйича ставкалар 17–32 фоиз оралиғида шаклланган бўлиб, келгусида мазкур йўналиш бозорнинг муҳим драйверларидан бирига айланиши мумкин.
Уй-жой нархларининг ўсиши ипотека кредитлари миқдорига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бугунги кунда бирламчи ва иккиламчи бозордан уй-жой харид қилиш учун ажратилаётган кредитлар асосан 1–2 миллиард сўмлик диапазонда таклиф этилмоқда.
Бозордаги энг юқори кредит лимитлари эса 3,48 миллиард сўмгача етиб, банкларнинг юқори нарх сегментидаги уй-жойларни ҳам молиялаштириш имкониятига эга эканини намоён қилмоқда.
Шу билан бирга, уй-жойларни таъмирлаш учун ажратилаётган кредитлар ҳам аҳоли орасида талабгир бўлиб бормоқда. Ушбу сегментда кредит маблағлари асосан 100–300 миллион сўм оралиғида тақдим этилмоқда.
Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ресурслари ҳисобидан молиялаштирилаётган маҳсулотларда эса кредит миқдорлари нисбатан стандартлашган бўлиб, 800 миллион сўм ва 340 миллион сўм атрофида шаклланган. Бу эса ўрта даромадли аҳоли қатлами учун қулай молиявий ечим сифатида хизмат қилмоқда.
Ипотека кредитининг муддати қарз олувчининг ойлик молиявий юкини белгилаб берувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда бозорда 20 йиллик ипотека маҳсулотлари устунлик қилмоқда.
Таҳлилларга кўра, мамлакатда фаолият юритаётган 25 та тижорат банкининг 15 таси аҳолига 20 йил муддатга ипотека кредитларини таклиф этмоқда. Бу ҳолат банк тизимида узоқ муддатли ресурслар базаси шаклланиб бораётганини кўрсатади.
Мазкур барқарорликка Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ҳамда халқаро молия институтлари ресурслари муҳим ҳисса қўшмоқда.
Экспертларнинг фикрича, 2026 йилнинг биринчи чораги якунлари ипотека бозорининг тобора рақобатбардош ва диверсификациялашган тизимга айланаётганини кўрсатди. Фоиз ставкалари, кредит ҳажмлари ва маҳсулот турларининг кўпайиши истеъмолчилар учун кенг танлов имкониятини яратмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси иштирокидаги ипотека маҳсулотлари бозордаги кескин тебранишларни юмшатиш, стандартлашувни таъминлаш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Умуман олганда, ипотека бозорида хусусий капитал иштирокининг ортиши, банк маҳсулотларининг диверсификациялашуви ва молиявий барқарорлик механизмларининг кучайиши мамлакат уй-жой бозорининг келгуси чоракларда ҳам изчил ўсишини таъминловчи асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА