Нодир маданий меросимиз юртимизга қайтмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Илмий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда маданий меросни муҳофаза қилиш ҳамда уни халқаро ҳамкорлик орқали Ватанимизга қайтариш бўйича амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида қайтарилган ноёб тарихий осори атиқалар илк бор кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.
Йиғилиш давомида Илмий кенгаш аъзоларига Operation Inherent Vice халқаро амалиёти доирасида аниқланган бебаҳо маданий мерос намуналари намойиш этилди.
Ушбу амалиёт Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Heritage Crime Task Forse, Лондон полициясининг санъат ва антиквар жиноятлар бўлими, Art Loss Register, шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамкорлигида амалга оширилган.
[gallery-29372]
Тақдим этилган артефактлар Марказий Осиё цивилизациясининг кўп асрлик тарихий ривожланишини акс эттириб, буддавийлик, суғдий ва исломий маданий қатламларни ўз ичига олади. Улар орасида Кушон даврига оид ҳайкал бошлари ва бюстлар, штуко безаклари бўлаклари, II-VIII асарларга мансуб ноёб деворий суратлар ҳамда Фаёзтепа ва Қоратепа археологик мажмуаларига тегишли осори атиқалар мавжуд. Шунингдек, XV асрга оид темурийлар даврига мансуб кенотаф алоҳида илмий ва маданий аҳамиятга эга.
Иштирокчилар эътиборини буддавий мазмундаги деворий суратлар, шунингдек, Гандҳара ва илк буддавий санъат ақидаларини акс эттирувчи терракота ва штуко ҳайкаллар тортди. Улар қадимий санъат мактабларининг юксак бадиий салоҳияти ва маданий уйғунликларини намоён этади.
Йиғилиш доирасида темурийлар даврига оид тош кенотаф ҳам тақдим этилди. У мураккаб битиклар, безаклар ва шеърий матнлар билан ишланган бўлиб, Марказий Осиё мемориал санъатининг ноёб намунаси сифатида баҳоланди.
Илмий кенгашда ушбу ёдгорликларни келгусида илмий ўрганиш, қайта тиклаш, рўйхатга олиш ва музей экспозициясига тайёрлаш масалалари муҳокама этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов ушбу жараён ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.
– Мазкур ноёб артефактларнинг Ватанига қайтарилиши муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган маданий меросни муҳофаза қилиш, асраш ва халқаро миқёсда қайтаришга оид изчил давлат сиёсатининг натижасидир, – деди Фирдавс Абдухолиқов. – Айнан шу сиёсат халқаро ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш ва ушбу йўналишда амалий натижаларга эришиш имконини беради.
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида ушбу ноёб маданий мерос намуналарининг тақдимоти мамлакатнинг бой тарихий ва маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган давлат сиёсатининг яна бир ёрқин амалий натижасидир.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (суратлар),
ЎзА мухбирлари