Ёвқур ўғлонлар ёди доим барҳаёт
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб “Бурч, жасорат, матонат!” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ватан осойишталиги, тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида жонини этган юртимизнинг мард ва жасур ўғлонларининг пок номларини мудом қалбимизда сақлаш, уларнинг хотирасини эъзозлаш, табаррук ёдига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маънавий-маърифий ишлар хизмати масъул ходими, таниқди ижодкор ва журналист Зикрилла Неъматнинг “Ёвқур ўғлонлар ёди” китоби ватанпарварлик руҳи билан суғорилган асар бўлиб, у асосан хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг жасоратини ёд этишга бағишланган.
[gallery-29302]
Ушбу китоб тинчлик ва осойишталик йўлида жон фидо қилган мард ўғлонлар, ички ишлар органлари ходимларининг ҳаёти ва кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида ҳикоя қилади. Муаллиф ўзи ҳам Ички ишлар вазирлиги тизимида, жумладан, “Постда” газетасида самарали меҳнат қилган ижодкор сифатида ушбу мавзу унинг ижодида марказий ўрин тутади.
Китоб ёш авлодни ватанпарварлик, мардлик ва юртга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Унда нафақат хотиралар, балки мардликни улуғловчи шеърий ва насрий лавҳалар ўрин олган.
Зикрилла Неъмат 1961 йилда Бухоро вилоятида туғилган бўлиб, у таниқли шоир, журналист ва таржимон. Унинг қаламига мансуб “Остонадан бошланар Ватан”, “Спитаменнинг сўнмас қўшиғи” каби ватанпарварлик мавзусидаги туркум асарлари машҳур.
Тақдимот тадбирида ёшларни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялашда миллий адабиётимизнинг аҳамияти, Зикрилла Неъматнинг ижодидаги ўзига хослик, унинг “Ёвқур ўғлонлар ёди” номли китоби хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, О.Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари