Навоий халқаро аэропортида янги юк авиарейси йўлга қўйилди
Навоий халқаро аэропорти орқали ҳудуднинг логистика салоҳиятини оширишга қаратилган янги халқаро юк авиарейси йўлга қўйилди. Ушбу муҳим қадам вилоят иқтисодиётини ривожлантириш ва таъминот занжирларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.
Янги рейс Деҳли – Навоий йўналиши бўйича амалга оширилди. Парвоз Airbus A300 юк самолётида Airspeed Charter авиакомпанияси томонидан амалга оширилди. Илк ташув доирасида 42 тонна музлатилган гўшт маҳсулотлари олиб келинди. Бу эса ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Мутахассислар таъкидлашича, янги юк йўналишининг йўлга қўйилиши логистика хизматларини янада ривожлантиради. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳолини барқарор маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда таъминот занжирларининг узлуксиз ишлашини таъминлашга хизмат қилади.

Келгусида бундай рейслар сонининг ошиши орқали экспорт-импорт ҳажмини кенгайтириш ва янги халқаро ҳамкорликларни йўлга қўйиш кутилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири