Намангандаги яширин омборхонадан 1,4 миллиард сўмлик сифатсиз дори воситалари мусодара қилинди
Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда хориждан ноқонуний олиб келинган катта миқдордаги сифатсиз дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
Аҳоли саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида 2003 йилда туғилган маҳаллий фуқаронинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Текширув давомида хонадонда ташкил этилган яширин омборхонадан хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли сифат сертификатларига эга бўлмаган «Ортофен», «Нейрокс», «Тирозол», «Сиофор» сингари жами 28 турдаги 28 928 дона дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Мамлакатимизга ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ушбу фармацевтика маҳсулотларининг тахминий қиймати 1,4 миллиард сўмни ташкил этади.
Ҳозирда мусодара қилинган дори воситаларига нисбатан экспертиза текширувлари тайинланиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар! Кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз, Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз сўралади. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
ЎзА