Олий таълимда бошқарув самарадорлиги: стратегик мақсадлар ва аниқ кўрсаткичлар
Бугун мамлакатимизда бошқарув жараёнларини натижага йўналтириш, давлат органлари фаолиятини аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш ҳамда инсон ресурсларини стратегик режалаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу жараённинг ҳуқуқий ва институционал асослари Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 6 декабрдаги “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони билан янада мустаҳкамланди. Мазкур ҳужжат давлат бошқарувида натижага асосланган тизимни жорий этиш, давлат органлари фаолиятини мақсадли кўрсаткичлар (KPI) орқали баҳолаш, раҳбарларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш ҳамда давлат хизматини замонавий менежмент тамойиллари асосида ташкил этишга қаратилган муҳим ислоҳотларни белгилаб берди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан 2026 йил 1 январдан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари ҳамда “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомига эга 33 та ҳудудда натижага асосланган бошқарув тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилиши белгиланди.
Ушбу ҳужжат билан Агентликка натижага асосланган бошқарув моделини ишлаб чиқиш, уни услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш, “samaradorlik.gov.uz” электрон платформаси орқали мақсадли кўрсаткичларга эришиш даражасини баҳолаш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, молиявий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда давлат фуқаролик хизматига замонавий танлов механизмларини жорий этиш каби муҳим вазифалар юклатилди.
Натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш бўйича мазкур ёндашув, айниқса, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги фаолиятида ўз амалий ифодасини топмоқда. Хусусан, Президентнинг 2026 йил 10 апрелдаги “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони мазкур соҳада бошқарувнинг сифат жиҳатидан янги моделини шакллантирди. Фармон билан “5Т” — таълим, тарбия, тадқиқот, тижоратлаштириш ва тизимли такомиллаштириш тамойили асосида соҳани ривожлантириш, рақамли платформаларни кенг жорий этиш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, таълим сифатини баҳолашнинг замонавий механизмларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро рақобатбардошликни оширишга қаратилган вазифалар белгиланди.
Ушбу ҳуқуқий асоснинг мантиқий давоми сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ҳамда унинг ўринбосарлари фаолияти учун 2026 йилга мўлжалланган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) тасдиқланди. Бу эса вазирлик фаолиятини аниқ, ўлчанадиган ва мониторинг қилинадиган натижалар асосида бошқаришга ўтишнинг амалий механизмини шакллантирди. Натижада соҳада стратегик мақсадларни режалаштириш, уларнинг ижросини баҳолаш ва раҳбарларнинг ҳисобдорлиги ўртасидаги узвий боғлиқлик таъминланди.
Мазкур кўрсаткичлар давлат бошқарувида фаолиятни жараёнларнинг ўзи эмас, балки аниқ ўлчанадиган натижалар асосида баҳолаш тамойилини акс эттиради. KPI тизими таҳлили шуни кўрсатадики, вазирлик фаолияти тўртта асосий устувор йўналишга қаратилган:
· Таълим сифати ва қамровини ошириш;
· Таълимнинг халқаро рақобатбардошлигини таъминлаш;
· Илмий-инновацион фаолиятни ривожлантириш;
· Рақамли бошқарув ва очиқликни кучайтириш.
Бу кўрсаткичлар ПФ–58-сон фармони билан белгиланган “5Т” концепцияси билан тўлиқ уйғун шакллантирилган.
Таълим қамровида ижтимоий адолат таъминланади
Стратегик кўрсаткичлар таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, вазирликнинг устувор мақсади сифатида умумий ўрта таълим битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 45 фоизга етказиш, камбағал оилалар фарзандлари учун давлат грантлари ажратиш ҳамда таълим имкониятларини кенгайтириш белгиланган. Мазкур кўрсаткич фақат қабул квоталарини оширишга эмас, балки таълимда ижтимоий тенгликни таъминлашга қаратилган.
Халқаро рақобатбардошлик — асосий баҳолаш мезони
KPI кўрсаткичларида энг катта эътибор халқаро рақобатбардошликка қаратилган. Жумладан, QS, THE ва ARWU рейтингларидаги университетлар билан қўшма таълим дастурларини кенгайтириш, халқаро аккредитациядан ўтган таълим дастурлари сонини 133 тага, ТОП–1000 рейтингга кирувчи миллий университетлар сонини эса 4 тага етказиш вазифалари қўйилган. Ушбу индикаторлар вазирлик фаолияти ички статистика эмас, балки халқаро тан олинган баҳолаш тизимлари орқали баҳоланишини англатади.
Таълим тизими меҳнат бозори билан интеграция қилинади
KPI тизимида меҳнат бозори билан боғлиқ кўрсаткичларга ҳам алоҳида аҳамият берилган. Хусусан, битирувчиларнинг бир йил ичида доимий иш билан таъминланиш даражасини 55 фоизга етказиш ҳамда иш берувчилар томонидан ижобий баҳоланган битирувчилар улушини 50 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу ёндашув олий таълим муассасалари фаолиятини шунчаки диплом бериш билан эмас, балки иқтисодиёт учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш самарадорлиги орқали баҳолашга ўтишни англатади.
Шу билан бирга, соҳани рақамлаштириш мустақил стратегик йўналиш сифатида белгиланган. Жумладан, кутубхона ресурсларининг 75 фоизини электрон форматга ўтказиш, my.gov.uz орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 19 тага етказиш ҳамда очиқлик ва электрон иштирок индексини ошириш назарда тутилган.
Кўрсаткичларнинг яна бир муҳим жиҳати, уларнинг илмий натижаларни тижоратлаштириш ва халқаро илмий фаолликни кучайтиришга қаратилганидир. Жумладан, университетлар ҳузурида spin-off корхоналар ташкил этиш, илмий салоҳиятни 53 фоизга етказиш, Scopus ва Web of Science базаларидаги журналларда мақолалар сонини 4200 тага етказиш ҳамда хўжалик шартномалари сонини 600 тага ошириш вазифалари белгиланган.
Олий таълим тизимида бошқарувнинг янги фалсафаси
KPI тизимининг асосий хусусияти шундаки, унда ҳар бир стратегик мақсад муайян баҳолаш вазнига, ҳар бир индикатор эса чораклар кесимида аниқ режалаштирилган субиндикаторларга эга. Бу раҳбарлар фаолиятини йил якунида эмас, балки доимий режимда мониторинг қилиш имконини беради. Шунингдек, кўплаб кўрсаткичлар «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ҳамда Президент топшириқлари билан интеграция қилингани тизимнинг давлат режалаштириш ҳужжатлари билан узвий боғлиқлигини кўрсатади.
Умуман олганда, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги учун тасдиқланган KPI’лар натижага асосланган бошқарув тизимининг амалий моделидир. Унда ҳар бир раҳбарнинг шахсий масъулияти, стратегик мақсадларга эришиш даражаси, ресурслардан самарали фойдаланиш ва жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги ягона баҳолаш механизмига бирлаштирилган. Бу давлат бошқарувида замонавий performance management тизимини шакллантириш ва олий таълим соҳасини янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам институционал асос яратади.
Гулчеҳра Ашурова,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Бошқарув самарадорлиги агентлиги
Ижтимоий соҳаларда давлат хизмати ва бошқарув самарадорлигини ривожлантириш департаменти масъул ходими