100 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олган ташаббус қандай самара берди?
Пойтахтимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда ёшларнинг кибержиноятчилик ва рақамли зўравонликка нисбатан барқарорлигини мустаҳкамлаш” қўшма дастури Кенгайтирилган бошқарув қўмитасининг якуний йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда БМТнинг Ўзбекистондаги вақтинчалик резидент-координатори, Халқаро миграция ташкилоти миссияси раҳбари Эндрю Грей, Олий Мажлис Сенатининг Аёллар, ёшлар, маданият ва спорт ишлари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси минтақавий вакили Оливер Штолпе, ИИВ Кибержиноятчиликка қарши курашиш департаменти бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Сагдуллаев, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Акико Фужии иштирок этди.
Учрашувнинг асосий эътибори дастурнинг амалий самарасига қаратилди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, ташаббус ёшларни кибержиноятчилик, онлайн фирибгарлик ва рақамли зўравонликдан ҳимоя қилишга хизмат қиладиган барқарор миллий тизимни шакллантиришга замин яратди. Лойиҳа БМТ Инсон хавфсизлиги бўйича ишонч жамғармаси кўмагида амалга оширилиб, унинг умумий бюджети 341,1 минг АҚШ долларини ташкил этди.
[gallery-30646]
Йиғилишда эълон қилинган рақамлар дастурнинг кенг қамровини яққол намоён қилди:
100 мингдан ортиқ аҳоли бевосита ва билвосита дастур имкониятларидан фойдаланди.
150 нафардан зиёд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими, педагог ва маҳалла фаоли махсус тайёргарликдан ўтди.
2 та институционал марказ ташкил этилди.
6 та интерактив онлайн ўқув модули ва 7 та ихтисослаштирилган видеодарс ишлаб чиқилди.
16 та ижтимоий аҳамиятга эга видеоролик тайёрланди.
50 нафар БМТ кўнгиллиси жалб қилиниб, ёшлар ўртасида рақамли хавфсизлик тарғиботи кучайтирилди.
470 нафардан ортиқ ёш БМТ модели симуляцияларида иштирок этди.
Дастур доирасида мамлакатда киберхавфсизлик бўйича ресурс ва услубий марказ, шунингдек, ёшлар учун хавфсиз рақамли муҳитга бағишланган масофавий таълим платформаси ишга туширилди. Онлайн курслар парол хавфсизлигидан тортиб, сунъий интеллект орқали содир этиладиган фирибгарлик схемаларигача бўлган 29 та мавзуну қамраб олди. Чилонзор туманида ёшлар учун кибержиноятчиликнинг олдини олиш бўйича пилот марказ ҳам фойдаланишга топширилди.
Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун халқаро ўқув дастурлари ташкил этилди, БМТнинг асосий амалий қўлланмалари ўзбек ва рус тилларига мослаштирилди ҳамда технологиялар орқали содир этиладиган гендер асосидаги зўравонликка бағишланган илк комплекс миллий тадқиқот якунланди.
Йиғилишнинг муҳим қисми келгуси босқичга бағишланди. Мутахассислар эришилган натижаларни лойиҳа тугаганидан кейин ҳам сақлаб қолиш учун бир қатор стратегик таклифларни илгари сурди. Жумладан, Идоралараро ишчи гуруҳни доимий фаолият юритувчи механизмга айлантириш, ишлаб чиқилган ўқув модулларини ИИВ академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва педагогларни қайта тайёрлаш тизимига интеграция қилиш, Чилонзордаги пилот марказ тажрибасини республика ҳудудларида кенгайтириш, онлайн таълим платформасини янги кибертаҳдидлар бўйича модуллар билан бойитиш ҳамда рақамли жиноятлар жабрланувчилари учун ҳуқуқий ва психологик ёрдам тизимини кучайтириш таклиф этилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, рақамли технологиялар ҳаётнинг барча соҳаларига чуқур кириб бораётган шароитда киберхавфсизлик энди фақат техник масала эмас, балки ёшлар хавфсизлиги, таълим сифати ва жамият барқарорлиги билан бевосита боғлиқ устувор йўналишга айланмоқда. Якуний йиғилишда қабул қилинган тавсиялар эса Ўзбекистонда мазкур йўналишда шаклланган миллий тажрибани янада кенгайтириш учун амалий йўл харитаси вазифасини ўтайди.
Мусулмон Зиё,
Ойбек Пардаев (фото),
ЎзА