Мустақиллик – тараққиёт, бунёдкорлик ва янги марралар тимсоли
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка таъсирчан етказиш, партия фаоллари ҳамда депутатларнинг ташаббускорлиги ва масъулиятини янада ошириш мақсадида Тошкент вилоятида қатор очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Марказий аппарати масъул ходимлари халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ тумани, Нурафшон ва Олмалиқ шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари билан учрашувлар ўтказди.
Мулоқотлар давомида депутатлик гуруҳларининг фаолияти, сайловчилар билан ишлаш самарадорлиги, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиш ҳамда уларнинг қонуний ва амалий ечимини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.

Шунингдек, партия тузилмалари ва депутатлик корпуси олдида турган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига содда, тушунарли ва таъсирчан тарзда етказиш, жойларда фуқаролар билан очиқ мулоқотларни янада кучайтириш, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилди.
Айниқса, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг ечимини таъминлашда депутатлик сўрови, депутатлик назорати ҳамда бошқа таъсирчан механизмлардан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбирларда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар натижаларини кенг жамоатчиликка етказишда партиянинг қатъий сиёсий позициясини намоён этиш ва депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳим экани қайд этилди.

Учрашувлар якунида депутатлик гуруҳлари фаолияти натижадорлигини ошириш, ҳудудлардаги мавжуд муаммо ва масалаларни манзилли ўрганиш, аҳоли билан доимий ва тизимли мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Бундай очиқ мулоқотлар депутатларнинг аҳоли олдидаги масъулиятини янада ошириш, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳудудлардаги долзарб масалаларни самарали ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА