Мурожаатлар ижобий ечим топмоқда
Қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи фуқаролар учун маиший газ баллонлари ҳаётий заруратга айланган. Шу боис, газ таъминоти тизимида аҳоли мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва уларга тезкор ечим топиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро вилояти Жондор туманининг Ибн Сино маҳалласида яшовчи фуқаро Дилмурод Норов ҳам ана шундай эҳтиёж билан туман газ таъминоти бўлимига мурожаат қилди. У маиший газ баллони олиш истагини билдириб, расмий ариза топширди. Мурожаат масъуллар томонидан қисқа муддатда ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.
Туман газ таъминоти бўлими ходимлари мурожаатни жойига чиққан ҳолда ўрганиб, фуқарога барча зарур ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича атрофлича тушунтириш берди. Ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилгач, Дилмурод Норовга маиший газ баллони етказиб берилди. Эндиликда у ҳар 30–35 кунда суюлтирилган газ билан таъминланмоқда.

– Маиший газ баллонига эҳтиёжимиз бор эди. Туман газ таъминоти бўлимига мурожаат қилдим. Ходимлар бир ҳафта ичида келиб, ҳолатни ўрганди. Газ баллон олиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини тушунтиришди. Барча жараёнлар онлайн амалга оширилди. Тезкорлик билан масала ҳал этилганидан мамнунман. Энди газ баллон ҳам етказиб берилди, тўловлар ҳам онлайн тарзда амалга оширилади. Энг муҳими, уйимизда ош-овқат ўз вақтида тайёр бўлади, – дейди Дилмурод Норов.

“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Маҳигул Абдуллаеванинг маълум қилишича, жорий йилнинг биринчи чораги давомида филиалга жами 1428 та мурожаат келиб тушган. Шундан 326 таси ёзма, 474 таси оғзаки, 296 таси ишонч телефони орқали ва 332 таси виртуал қабулхона воситасида йўлланган. Ушбу мурожаатларнинг 1214 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 120 таси бўйича тушунтиришлар берилган, 94 таси эса айни пайтда ўрганиш жараёнида.
Жондор туманидаги ушбу мисол газ таъминоти тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан рақамлаштириш ва очиқ мулоқот механизмлари ўз самарасини бераётганини яққол намоён этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири