Сув сарфида Марказий Осиё давлатлари нега етакчилар қаторида?
Бугунги кунда сув ресурслари инсоният олдидаги энг долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Аҳоли сонининг ортиши, қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқларининг кенгайиши сувга бўлган эҳтиёжни янада оширмоқда. Шу боис, дунё мамлакатларида сувдан фойдаланиш кўрсаткичлари мунтазам таҳлил қилинмоқда.
Халқаро очиқ манбалар, хусусан, "FAO AQUASTAT" ва "Worldometer" маълумотларига кўра, 2026 йил 1 апрель ҳолатига дунё бўйича сув истеъмоли юқори кўрсаткичларга етган. Айниқса, аҳоли жон бошига тўғри келадиган кунлик сув сарфи бўйича айрим давлатлар алоҳида ажралиб турибди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 177 та мамлакат орасида Туркманистон етакчилик қилмоқда. Бу эса мазкур давлатда сув ресурсларидан фойдаланиш ҳажми анча юқори эканини англатади.
Ўзбекистон эса ушбу рейтингда тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Мамлакатимизда бир киши ҳиссасига кунига ўртача 4 754 литр сув тўғри келади. Йиллик умумий сув истеъмоли эса 54,5 миллиард куб метрга етади.

Умуман олганда, мазкур рейтингда Марказий Осиё давлатларининг етакчи ўринларни эгаллаши алоҳида эътиборга молик. Бу ҳолат, бир томондан, қишлоқ хўжалигида сувдан кенг фойдаланиш билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, мавжуд суғориш тизимларининг самарадорлиги етарли даражада эмаслиги билан изоҳланади.
Мутахассислар фикрича, агар сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш чоралари кучайтирилмаса, келгусида минтақада сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин. Шунинг учун ҳам бугунги кунда сувни тежаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА