Мурожаат эгасининг пенсияси қайта ҳисобланди
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани адлия бўлимига фуқаро Рабига Даулетмуратовадан пенсия таъминоти юзасидан мурожаат келиб тушди.
– Унда мурожаат эгаси 1999 йил апрель ойидан 2003 йил ноябрь ойига қадар Қонликўл туман марказий шифохонаси жонлантириш бўлимида кичик тиббий ходим лавозимида ишлагани, бироқ ушбу даврлар меҳнат дафтарчасига киритилмаганлиги сабабли пенсия тайинлашда ҳисобга олинмаганлиги бу бўйича қонуний ёрдам беришни сўради, – дейди Мўйноқ тумани адлия бўлими бошлиғи Руслан Анназаров. – Мазкур мурожаат ўрганиб чиқилиб, фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судига кичик тиббий ходим лавозимида 1999 йил 14 апрель санасидан бошлаб, 2003 йил 30 ноябргача 4 йил 7 ой 16 кун ишлаганлик фактини белгилаб беришни сўраб ариза киритилди. Суд қарорига асосан, Рабига Даулетмуратованинг ушбу даврда ишлаганлик факти белгиланиб, пенсия бўлими томонидан фуқаронинг пенсияси қайта ҳисобланиши таъминланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири