МУЛОҲАЗА: Тошкент экологияси бугун қандай ҳолатда?
Ҳавонинг ранги қизил бўлса, айбдорни битта жойдан излаш осон. Аммо рақамлар Тошкент ҳавосининг муаммоси анча катта эканини кўрсатмоқда. 6 октябрь куни эрталаб Тошкент ҳавоси IQAir мониторингида яна “қизил” кўрсаткичларни қайд этди: шаҳар бўйича AQI 132, айрим станцияларда эса 147–159 гача чиқди. AQI — ҳаво сифатининг умумий индекси; 101–150 даража сезгир гуруҳлар учун зарарли, 151–200 эса барча учун зарарли ҳаво тоифаси ҳисобланади ва бу жиддий сигнал. Бу пайтда асосий ифлослантирувчи PM2.5 эди — яъни, ўпкага чуқур кириб бориши мумкин бўлган жуда майда заррачалар ҳисобланади. Айрим нуқталарда PM2.5 миқдори 59,7–67 микрограмм/метр-куб гача етган. Бундай даража нафас йўлларини таъсирлантириши, юрак ва ўпка билан боғлиқ муаммоларни кучайтириши мумкин, айниқса болалар, кексалар ва сурункали касаллиги борлар учун. (Манба: 6 октябрь, 07:40 атрофида олинган IQAir скриншотлари; IQAir мониторинги.)
Хўш, Тошкент ҳавосини бу даражага нима олиб келяпти?
Бу саволга битта сабаб билан жавоб бериш қийин. Жаҳон банки тадқиқотида PM2.5 ифлосланишида шамол билан кўчадиган чанг, биноларни иситиш, транспорт ва саноат каби бир нечта йирик манбалар қайд этилган. Демак, ҳавонинг “қизариши” ҳам биргина иссиқхона ёки битта тармоқ билан изоҳланмайди. Бошқа омиллар эса четда қолиб кетаётгандек...

Ҳаво нега “қизаряпти”?
Бу саволга жавоб излаганда энг муҳим манбалардан бири — Жаҳон банки ва Ўзбекистон Экология вазирлиги ҳамкорлигида тайёрланган Тошкент ҳавоси бўйича тадқиқотга таянамиз.
Унда Тошкентдаги йиллик ўртача PM2.5 ифлосланишининг асосий манбалари сифатида шамол билан кўчадиган чанг — 36 фоиз, биноларни иситиш — 28 фоиз, транспорт — 16 фоиз, саноат — 13 фоиз деб баҳоланган. Қолган қисми шаҳар чанги ва чиқиндиларни ёқиш ҳиссасига тўғри келади.
Мутахассисларга кўра, бу ерда бир муҳим жиҳат бор: бу рақамлар ким қанча кўмир ёқди, деган ҳисоб эмас, ҳаводаги PM2.5 концентрациясига турли манбаларнинг ҳиссасини моделлаштириш натижасидир. Манбадан чиқарилган ташлама билан унинг ҳаводаги якуний концентрацияси бир хил нарса эмас — бунга шамол, ҳарорат, чиқинди манбасининг жойлашуви ва бошқа омиллар таъсир қилади. Қисқаси, Тошкент ҳавосининг муаммосини битта манбага боғлаб қўйиш илмий жиҳатдан ҳам тўғри бўлмайди.

Иссиқхоналарда экологик қоидабузарликлар бўлгани ҳақиқат. Хусусан, 2025 йилда Тошкент шаҳри ва вилоятида текширилган 103 та иссиқхонанинг 70 тасида ностандарт қозонхоналар, 24 тасида фильтрлар йўқлиги аниқланган. Шу текширувнинг ўзида 209 та саноат объекти ҳам ўрганилиб, 108 тасида фильтрлар мавжуд эмаслиги, 29 тасида эса меъёрдан ортиқ ташламалар қайд этилган. Яъни, иссиқхоналар муаммо эканини инкор этиб бўлмайди. Шунинг учун давлат уларга нисбатан чекловлар жорий қилди. 2026 йил 1 августдан Тошкент шаҳри ва унга туташ айрим туманларда иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилди. Кўмир, шина, битум ва бошқа зарарли материалларни ёқиш орқали атроф-муҳитга зарар етказганлик учун компенсация тўловлари 20 баравар оширилди.
Аммо асосий савол шунда: бу чоралардан кейин ҳаво қанчалик тозаланди?
Чунки иссиқхоналарга нисбатан талабни кучайтиришнинг ўзи ҳали ҳаво муаммоси ҳал бўлди, дегани эмас.
Иссиқхоначи — аввало, озиқ-овқат етиштирувчи тадбиркор. Агар унинг ҳаво ифлосланишидаги ҳақиқий улуши аниқ ҳисоблаб чиқилмаган бўлса, унга тушаётган юкламани бошқа йирик манбалар билан солиштирмасдан баҳолаш адолатли ҳам, самарали ҳам бўлмайди.

Шу тариқа савол туғилади: иссиқхоналарга эътибор кучайган бир пайтда, ҳавони ифлослантиришда каттароқ улушга эга бўлиши мумкин бўлган иситиш тизимлари, транспорт, саноат, энергетика, қурилиш ва йўл чанги сояда қолиб кетмаяптими?
18 сентябрь куни Тошкентда ҳаво ифлосланиши қисқа вақт ичида кескин ошган. Соат 22:00 да шаҳар бўйича PM2.5 ўртача 74,5 микрограмм/метр-куб, PM10 эса 243,6 микрограмм/метр-кубни ташкил этган. Айрим ҳудудларда PM10 555,3 микрограмм/метр-кубгача чиққан. Экология қўмитаси бу ҳолатда йирик чанг заррачалари кескин кўпайганини қайд этган.
Яна бир эътиборли ҳолат: 2–3 октябрь кунлари “Green University” ҳудудидан олинган намуналар лабораторияда таҳлил қилинганда PM2.5 заррачаларининг 67 фоизи минерал ва тупроқ чанги, 25 фоизи эса саноат ва энергетикадаги ёниш жараёнлари билан боғлиқ экани аниқланган. PM10 таркибида минерал ва тупроқ чанги улуши эса 80 фоизга етган.
Демак, ҳаво ифлосланиши манбалари бир нечта ва уларнинг улуши вазиятга қараб ўзгариб туради. Шундай экан, иссиқхонани “айбдор” қилиб қўйиш осондир, эҳтимол... Аммо қолган манбалар қаерда?
“Тоза ҳаво”: вазифа қўйилган, натижа-чи?
Энг муҳими, бу муаммо давлат учун янги эмас. 2026 – 2030 йилларга мўлжалланган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларни 10,5 фоизга камайтириш, I ва II тоифадаги корхоналарда автоматик мониторинг ва чанг-газ тозалаш ускуналарини жорий этиш, саноат ташламаларини ушлаб қолиш улушини 32 фоизга етказиш, PM2.5 меъёрларидан ошадиган кунлар сонини камайтириш ҳамда транспорт чиқиндиларини 10 фоизга қисқартириш вазифалари белгиланган.
Бу жуда муҳим. Чунки ҳукуматнинг ўзи ҳам муаммони фақат иссиқхоналарда эмас, балки саноат, транспорт, иситиш, энергетика ва бошқа соҳаларда кўраётганини англатади. Қолаверса, 2026 йил 2 октябрда ўтказилган матбуот анжуманида Экология қўмитаси Тошкентда 554 та корхона инвентаризация қилингани, 1 - ва 2 - тоифадаги саноат объектларида 459 та автоматик мониторинг станцияси ўрнатилгани, 280 мингдан ортиқ транспорт воситаси экологик назоратдан ўтказилганини маълум қилди. Қўмита ҳисоботига кўра, 2026 йил 1 январдан 21 сентябргача Тошкентда PM2.5 ўртача концентрацияси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга камайган, яхши ҳаво кунлари эса 81 кундан 147 кунга кўпайган. Бу ҳам эътиборга лойиқ натижа. Аммо шу билан бирга, 18 сентябрдаги 555,3 микрограмм/метр-куб PM10, 2–3 октябрдаги инверсия ва 6 октябрь эрталабки юқори кўрсаткичлар бизга яна бир нарсани уқтирмоқда: ўртача кўрсаткич яхшиланиши ҳали муаммо тугади, дегани эмас.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги нима қиляпти?
Ҳаво сифати экологик масала, лекин унинг охирги “ҳисоб-китоби” инсон саломатлигида кўринади. Жаҳон банки ҳисоб-китобига кўра, Тошкентда PM2.5 таъсири билан боғлиқ ҳаво ифлосланишининг инсон саломатлиги ва иқтисодиётга йиллик зарари 488,4 миллион долларга, яъни Ўзбекистон ЯИМининг 0,7 фоизига тенг бўлиши мумкин.
Тадқиқотда PM2.5 таъсири билан боғлиқ муддатидан олдинги ўлимларнинг асосий сабаблари орасида инсульт, юрак ишемик касаллиги ва қуйи нафас йўллари инфекциялари қайд этилган.

Шу сабабли ССВ учун ҳам савол оддий: ҳаво ифлосланган кунларда аҳоли саломатлигида нима ўзгаряпти? Нафас йўллари касалликлари бўйича мурожаатлар, тез тиббий ёрдам чақирувлари, шифохонага ётқизишлар ва хавф гуруҳларидаги ҳолатлар ҳаво мониторинги билан бирга таҳлил қилинмоқдами? Бу маълумотлар экологик қарорлар учун ҳам керак. Чунки ҳавони тозалашнинг мақсади фақат мониторингдаги рақамни яшил рангга қайтариш эмас — одамнинг соғлигини ҳимоя қилишдан ҳам иборат бўлиши шарт.
Айбдор фақат иссиқхоналарми?
Иссиқхоналарда қоидабузарлик бўлса, албатта, чора кўрилиши керак. Бу муросасиз. Аммо Тошкент ҳавосида иситиш, транспорт, саноат ва шамол билан келадиган чангнинг ҳам катта улуши борлигини расмий ва халқаро тадқиқотлар кўрсатиб турибди. Шунинг учун иссиқхоналарни ҳадеб турткилайвериш билан иш битмайди. Аксинча, фақат битта манбага эътиборни жамлаш бошқа манбаларни сояда қолдириб қўйиши мумкин. Амалда ҳам шундай бўлаётгандек.
Давлат ўз олдига қўйилган “Тоза ҳаво” вазифалари ҳам айнан занжирли механизм асосида комплекс ёндашувни талаб қилади. Яъни, саноат назоратда, транспорт назоратда, иситиш назоратда, қурилиш назоратда, чанг назоратда бўлиши керак. Аҳолига эса “ҳаво ифлос” деган хабарнинг ўзи эмас, уни ким, қанча ва қандай ифлослантираётгани ҳамда буни камайтириш учун нима чоралар кўрилаётгани қизиқ.

Шу ўринда, Экология қўмитасига муҳим саволлар бор:
1. Иссиқхоналарга нисбатан 2026 йил 1 августдан жорий этилган чекловлардан кейин Тошкентда PM2.5 ва PM10 кўрсаткичлари қанчага ўзгарди? Чеклов натижалари рақамлар асосида қаерда эълон қилинди?
2. Жаҳон банки тадқиқотида иситиш — 28 фоиз, транспорт — 16 фоиз, саноат — 13 фоиз улуш билан кўрсатилган. 2026 йилда бу манбаларнинг ҳозирги улуши қайта ҳисобландими ва қайси манба бугун Тошкент ҳавосига энг катта таъсир кўрсатмоқда?
Соғлиқни сақлаш вазирлигига:
PM2.5 ва PM10 юқори бўлган кунларда нафас йўллари ҳамда юрак-қон томир касалликлари бўйича мурожаатлар, тез ёрдам чақирувлари ва шифохонага ётқизишлар таҳлил қилиняптими? Ҳаво мониторинги ва тиббий статистика бир тизимда солиштириляптими? Натижаси бўйича қандай самарали ишлар амалга оширилмоқда?
Муҳими, бу муаммо борасида гап кетганда кимни жазоладик эмас, ҳавони қанча тозаладик, деган савол ва унга жавоб бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки “Тоза ҳаво”нинг вазифаси ҳам иссиқхонани топиш эмас, ҳавони тозалашдан иборат эди.
Кейин, агар ҳаво ифлосланиши соғлиқ учун хавфли даражага етса, аҳолининг энг заиф қатламлари бўлган болалар, кексалар, ҳомиладорлар ва сурункали касаллиги бор беморларни ҳимоя қилиш бўйича ССВ қандай чораларини ишлаб чиққан?
Сабаби, айнан соғлиқ маълумотларини мунтазам кузатиш, йиғиш, касалликлар билан ҳаво ифлосланиши ўртасидаги боғлиқликни мониторинг қилиш — саломатлик сиёсатини юритишда дастуриламал бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, оддий формуласи бундай бўлиши керак: Экология қўмитаси ҳавонинг нима учун ифлосланаётганини аниқлаши лозим. ССВ эса бу ифлосланиш одамлар саломатлигига қандай таъсир қилаётганини рақамлар билан кўрсатиши керак. Модомики, икки тизим маълумотлари ҳамкорлик занжири асосида бирлашмас экан, муаммонинг ҳақиқий кўлами тўлиқ кўринмайди ва ҳал қилиниши ҳам ҳаминқадар.
Тасаввур қилинг, кўп ҳолларда шифокор олдига келган кексалар, аллергик касалликлари бор беморлар, ҳомиладор аёлларга тоза ҳавода кўпроқ бўлишлари тавсия этилади.
Аммо қани тоза ҳаво?
Шифокор албатта, бу саволингизга жилмайиб, “энди билмадим, тоққа чиқарсиз балки...”, деган жавоб билан кифояланар? Аммо тоғлар ҳавосининг нарх-навоси аҳолининг барча қатлами чўнтагига мос келадими?
Аслида бу саволларга жавоб излаши керак бўлган юқори ташкилотлар бор, улар бунга ҳар томонлама масъул ва ваколатли. Улар бугун нималар билан банд? Юқоридаги саволлар бўйича изоҳ бера оладими?
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
ЎзА