Ёшлар куни: ёшлар ҳарбийлар иш фаолияти билан танишди
Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Пайшанба — Ёшлар куни” тизими ёшларга ўз муаммоларини тўғридан-тўғри раҳбарларга етказиш, иқтидорларини намоён этиш ва сифатли таълим ҳамда спорт билан шуғулланиш учун кенг имкониятларни бермоқда.
Шу муносабат билан Сергели туманида истиқомат қилувчи ва таълим олаётган фаол ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг 98162-ҳарбий қисмида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Унда ёшлар ҳарбий қисм фаолияти, ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар ҳамда қурол-аслаҳалар билан яқиндан танишиб, улардан фойдаланиш тартиби ҳақида зарур маълумотларга эга бўлди.

Жумладан, ёшлар учун ҳарбий қисм бўйлаб махсус экскурсия давомида қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил этилди. Ёшлар Миллий гвардия бўлинмалари тасарруфидаги замонавий қуроллар, махсус воситалар ва зирҳли техникаларни нафақат яқиндан кўриш, балки уларнинг тактик-техник хусусиятлари ҳақида ҳарбий хизматчилардан батафсил маълумот олиш имкониятига эга бўлди.

Шунингдек, ҳарбий қисм командирлари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди. Унда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, ҳарбий хизмат, ватанпарварлик ва Ватан ҳимоячиси бўлишнинг масъулияти ҳақида фикр алмашди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА