Совуқ кунларда ис газидан сақланиш – долзарб масала
Ҳар бир фаслнинг ўзига хос таровати, гўзаллиги бор: баҳорда табиат уйғонса, ёз иссиқ кунлари ва саёҳатлар билан ёдда қолади, кузда оловранг дарахт барглари инсонга ўзгача завқ беради.
Шу билан бирга, ёз – чўмилиш мавсумида чўкиш билан боғлиқ фожиалар кўнгилни хира қилса, совуқ кунларда ис газидан сақланиш масаласи долзарб аҳамият касб этади.
Қўлбола печлардан фойдаланиш, газ тармоқларига резинали шланглар орқали ностандарт уланиш ёки дудбуронларни ўз вақтида тозаламаслик инсон ҳаётига хавф туғдиради. Ҳаттоки, хоналарни очиқ олов ёрдамида иситиш ҳам углерод оксидидан заҳарланиш хавфини оширади.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази токсикология бўлими мудири Неъмат Ишбаевнинг таъкидлашича, ис гази нафас йўллари орқали организмга ўтиб, қондаги гемоглобин билан бирикади ва унинг кислород ташиш қобилиятини кескин пасайтиради. Натижада танада кескин кислород танқислиги юзага келади.
Ис газининг хавфлилиги шундаки, у на рангга, на ҳидга эга. Одам у билан нафас олаётганини сезмай ҳам қолади.
– Бундай вақтда енгил шаклдаги заҳарланиш бош оғриғи, бош айланиши, мушаклар бўшашиши, қулоқлар жиринглаши ва уйқучанлик билан намоён бўлса, оғир ҳолатларда ҳушдан кетиш, тутқаноқ ва нафас олишнинг тўхташи юз беради. Кучли заҳарланиш фожиа билан тугаши ёки унинг оғир асоратлари орадан 2-3 ҳафта ўтиб ҳам билиниши мумкин. Агар шундай хавфли ҳолат юзага келиб, ис газидан заҳарланиш гумон қилинса, бир сонияни ҳам бой бермасдан жабрланувчини зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш ва тез тиббий ёрдамни чақириш, нафасни қисиб турган кийимларни бўшатиш зарур, – дейди шифокор. – Агар бемор ҳушсиз, аммо нафас олаётган бўлса, уни ёнбош ҳолатда ётқизиш, нафас олмаётган ҳолатда эса диспетчер кўрсатмаси билан зудлик билан юрак-ўпка реанимациясини бошлаш талаб этилади. Жабрланувчининг аҳволи яхшилангандек кўринса ҳам, уни албатта, шифокор кўригидан ўтказиш шарт, чунки яширин асоратлар кутилмаганда ўз сўзини айтиши мумкин.
Шундай экан, кўринмас хавфнинг олдини олиш чораларини кўриш – иситиш печлари, дудбуронлар ва шамоллатиш шахталарининг созлигини мунтазам текшириш ҳамда носоз жиҳозлардан асло фойдаланмаслик керак.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА