Миллий қадриятлар ва экологик маданият уйғунлиги
Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида экологик маданиятни юксалтириш муҳим ижтимоий вазифага айланмоқда. Бу борада миллий қадриятларимизга таяниш, асрлар давомида шаклланган табиатга эҳтиром анъаналарини замонавий экологик ёндашувлар билан уйғунлаштириш алоҳида аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, “яшил” тараққиёт тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, аҳолининг экологик онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда жамоатчилик фаоллигини ошириш, ёш авлодда табиатга дахлдорлик туйғусини шакллантириш муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Ана шу вазифалар ижросига қаратилган тадбирлардан бири Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят партия ташкилоти ташаббуси билан Бухоро давлат тиббиёт институтида “Асрий қадриятларимиз, миллийлигимизга таянган ҳолда экоқадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш” шиори остида ташкил этилган экофорум бўлди. Унда партия вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, олийгоҳ профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.

– Форумда халқимизнинг бой тарихий меросида мужассам бўлган табиатга меҳр-муҳаббат, ер ва сувни эъзозлаш, неъматларни қадрлаш, улардан тежамкорлик ва оқилона фойдаланиш каби эзгу анъаналарнинг бугунги кундаги аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди, – дейди Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати Ж.Шарипов. – Айниқса, миллий қадриятларни ёшлар онгига сингдириш орқали экологик масъулиятни кучайтириш, анъанавий ҳаёт тарзимиздаги табиатпарварлик тамойилларини замонавий экологик билимлар билан бойитиш масалаларига эътибор қаратилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор йўналишлар ва муҳим вазифалар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Таъкидланганидек, экологик маданият фақат табиатни асрашга оид билимлар билан чекланмайди. У инсоннинг кундалик ҳаёти, истеъмол одатлари, сув ва энергиядан фойдаланиши, чиқиндиларга муносабати ҳамда жамоат жойларидаги масъулиятида намоён бўлади. Шу боис бу борадаги тарғибот ишларини таълим муассасалари, маҳаллалар ва жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб бориш муҳимдир.

Иштирокчилар ёш авлод қалбида табиатга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, миллий қадриятлар асосида экологик масъулиятни шакллантириш ва бу жараёнга кенг жамоатчиликни жалб этиш юзасидан фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини билдирди.
Экофорумнинг иккинчи қисмида иштирокчилар Бухоро давлат тиббиёт институтида фаолият юритаётган доривор ўсимликларни ўрганиш лабораторияси билан танишди.
Мутахассислар лабораторияда доривор ўсимликларнинг фойдали хусусиятларини ўрганиш, уларни илмий тадқиқ этиш, табиий шифобахш манбалардан оқилона фойдаланиш ва ўсимликлар бойлигини асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган илмий-амалий ишлар ҳақида маълумот берди.
Бу жараёнда доривор ўсимликларнинг инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги аҳамияти, миллий табобат анъаналарини илмий асосда ривожлантириш ҳамда табиат неъматларини келгуси авлодлар учун сақлаб қолиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Дарҳақиқат, халқ табобатида асрлар давомида қўлланиб келинган доривор ўсимликлар бугунги кунда ҳам муҳим илмий ва амалий аҳамиятга эга. Уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш ва улардан меъёр асосида фойдаланиш табиий бойликларни асраш билан бирга, миллий илмий меросимизни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Экофорум доирасидаги муҳокамалар ва лаборатория фаолияти билан танишув миллий қадриятлар, экологик масъулият ҳамда замонавий илм-фан ўртасидаги узвий боғлиқликни намоён этди. Энг муҳими, табиатни асрашни фақат айрим ташкилотлар ёки мутахассисларнинг вазифаси эмас, балки ҳар бир инсоннинг кундалик бурчи сифатида англаш зарурлиги яна бир бор таъкидланди.
Зеро, табиатга эҳтиром аждодлардан мерос қадрият, уни асраб-авайлаш эса келажак авлодлар олдидаги масъулиятдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири