Бухорода 400 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди
Бухоро шаҳрида аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шаҳарда илгари фойдаланилмай келинган бўш ҳудудларда янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобидан “Шойигул” тикувчилик фабрикаси фаолияти йўлга қўйилди.
Айни пайтда корхонада 400 нафар маҳаллий хотин-қиз доимий иш билан таъминланган. Улар орасида хорижий меҳнат миграциясидан қайтган аёллар ҳам бор.
Фабрикада ишчи-ходимлар учун зарур меҳнат ва маиший шароитлар яратилган. Хусусан, бепул транспорт қатнови йўлга қўйилган, иссиқ овқат билан таъминлаш тизими ташкил этилган. Ишчиларнинг ойлик маоши бажарадиган иши ва меҳнат ҳажмига қараб 3 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача етади.
Корхонада тайёрланаётган тикувчилик маҳсулотлари ички бозор билан бир қаторда хорижга ҳам етказиб берилмоқда. Хусусан, маҳсулотлар Европа мамлакатлари ва Туркияга экспорт қилинмоқда.
[gallery-32305]
Мазкур фабриканинг фаолият бошлаши ҳудудда хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларнинг касбий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва оилалар даромадини кўпайтиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, хорижда меҳнат қилиб қайтган аёллар учун ўз юртида, оиласи бағрида ишлаш имконияти яратилгани аҳамиятлидир.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА