Мансабдорларнинг 2 минг 332 та ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилди
Маъмурий судларнинг асосий вазифаси – давлат органлари ва мансабдор шахслар билан муносабатларда қонун устуворлигини ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдир.
Қонун устуворлигини таъминлаш жараёнида маъмурий судлар давлат идоралари ва оммавий ваколатга эга бўлган ташкилотларнинг қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги қонунга мувофиқлигини кўриб чиқади.
Давлат органлари (масалан, ҳокимликлар, солиқ, божхона, кадастр идоралари) ва фуқаро ёки тадбиркор ўртасида келиб чиққан низоларни ҳал этади.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини тиклайди.
Фуқаронинг шикояти маъмурий судга тааллуқли бўлмаса, унда аризани рад этмасдан, кўриб чиқиш учун ваколатли судга ўтказиш орқали аҳолининг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлайди.

– Жорий йилнинг 9 ойида маъмурий судлар томонидан 13 минг 440 та оммавий низо кўриб чиқилди, - дейди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов. – Натижада 4 минг 497 нафар фуқаро ва юридик шахснинг ҳуқуқлари тикланди. Маъмурий органлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисида 4 минг 934 та ариза (шикоят) кўрилиб, уларнинг 1 минг 906 таси ҳақиқий эмас деб топилди.
Жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг 1 минг 153 та қароридан 345 таси, солиқ органларининг 2 минг 155 та қароридан 843 таси, Кадастр агентлигининг 2 минг 739 та қароридан 730 таси ҳақиқий эмас, деб топилди.
7 минг 594 та ариза (шикоят) асосида мансабдор шахсларнинг 2 минг 332 та ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф, деб топилди.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 1 минг 267 та хусусий ажрим чиқарилиб, маъмурий ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юборилди.
Вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар томонидан апелляция тартибида 2 минг 524 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 379 та қарор бекор қилиниб, 15 та қарор ўзгартирилди.
Кассация тартибида 982 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 154 та қарор бекор қилиниб, 14 та қарор ўзгартирилди.
Тафтиш тартибида 1 минг 316 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 170 та қарор бекор қилиниб, 4 та қарор ўзгартирилди.
Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 213 та иш кўриб чиқилди. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 102 таси бекор қилинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА