Марказий банк бошқаруви раиси коронавируснинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ҳақида гапирди
Бу ва яна бир қатор ўзгаришлар ҳақида Марказий банкнинг матбуот анжуманида маълум қилинди.
Марказий банкнинг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича ўтказилган йиғилишида ставка йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолди.
Февраль ойи якунлари бўйича йиллик инфляция даражаси 2019 йилдаги 15,2 фоиздан 13,5 фоизгача пасайди.
Агар жорий йилнинг ўтган икки ойида кузатилган инфляция суръатини 2019 йилнинг мос даври билан солиштирадиган бўлсак, бунда 2 баробар пасайишни кўрамиз.
Январь-февраль ойларидаинфляция даражасининг пасайиши бир қатор омилларнинг таъсири деб изоҳлаш мумкин. Фискал интизомнинг оширилиши, иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларини мўътадиллашуви, имтиёзли кредитлаш тартибларининг ўзгартирилиши шулар сирасидандир. Шу нуқтаи назардан, жорий йилда нархларни эркинлаштириш борасида кўзда тутилган ўзгаришларни амалга оширилиши биз учун келгуси йилларда инфляцияни мақсадли кўрсаткичларигача пасайтиришга шароит яратади ва номонетар омиллар таъсирини минимал даражагача қисқартириш имконини беради.
Бу ва яна бир қатор ўзгаришлар ҳақида Марказий банкнинг матбуот анжуманида маълум қилинди.
– Ҳаммамизга маълумки бутун дунёда кенг тарқалаётган коронавирус билан боғлиқ вазият жаҳон иқтисодиётига турли даражада таъсир кўрсатиши кутилмоқда, – дейди Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов. – Халқаро молия институтлари хулосаларига кўра, жаҳон иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши, ташқи талаб ва савдо ҳажмининг қисқариши ҳамда ушбу вазият билан боғлиқ ноаниқликларнинг 2020 йилнинг иккинчи чорагида ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ташқи иқтисодий муносабатларда очиқ ва савдо алоқалари билан хорижий мамлакатлар билан узвий боғланган давлат.
Юзага келган вазиятнинг иқтисодиётимизга ҳам маълум даражада таъсири бўлиши мумкин. Бу аввало ташқи иқтисодий фаолият кўрсаткичларимизда ўз аксини топади.
Хитой ва коронавирус тарқалаётган бошқа давлатлардан импорт товарлари кириб келишининг секинлашиши, транспорт алоқаларининг камайиши ва инсон ресурслари ҳаракатининг чекланиши ички нархларга маълум бир даражада таъсир қилиши мумкин.
Маълумот ўрнида, мамлакатимиз ташқи савдо айланмасида Хитойнинг улуши 2019 йил якунлари бўйича 18,1 фоизни ёки 7,6 млрд. долларни ташкил этган.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларининг саволларга жавоб берилди.