«Маърифат» тарғиботчилари Ўрмон хўжалиги агентлигида бўлишди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлигида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган тадбир ўтказилди.
Анжуманда агентлик масъуллари, Республика маънавият ва маърифат маркази экспертлари ҳамда ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди. Таъкидландики, Президент нутқида барча соҳалар, хусусан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда янги ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, “Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу умуммиллий маррага айланади. Табиатга муносабат халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз”, – дейилади нутқда. Албатта, ушбу мурожаат ўрмон хўжалиги ходимларига ҳам катта масъулият ва вазифаларни юклайди. Нутқдаги ушбу сўзларга бежиз эътибор қаратилмади. Яшиллик оламини кенгайтириш, бунинг учун кўчатхоналар ташкил этиш, уларнинг парвариши ва касалликларига қарши курашиш масалалари бугунги кунда ҳар қачонгидан-да долзарб.
Шунингдек, мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўяётганлиги, келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлиши, бунда табиатга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Кўтаринки руҳда бўлиб ўтган тадбирда «Маърифат» тарғиботчилари жамияти аъзоси, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Эшмурод Раҳимов сўзга чиқиб, юртимизда давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизнинг бой тарихи ҳамда аждодларнинг бугунги авлодларга қолдирган мероси ҳақида сўз юритди.
- Энди мамлакат олдида таълим, соғлиқни сақлаш, юқори технологиялар, иқтисодиёт, экология ва сув ресурсларини асраш, қонун устуворлиги, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган янги стратегик вазифалар турибди, - дейди Э.Раҳимов. - Келгуси даврда ҳам инсон қадри, халқ фаровонлиги ва миллий тараққиёт устувор йўналиш бўлиб, мамлакат янада кучли, обод, тинч ва фаровон ривожланади. Ўзбекистоннинг 35 йиллик мустақил тараққиёт йўли халқимизнинг бирдамлиги, меҳнати ва бунёдкорлик салоҳияти билан боғлиқ улкан ютуқларни юзага чиқарди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон мустақиллиги 1991-йилда пайдо бўлмаганлиги, аксинча, истиқлол илдизлари уч минг йилдан зиёд давлатчилик анъаналари ва қадимий цивилизацияга эга эканлиги эътироф этилди. Анжуман давомида Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА