Ёшлар ўгитлардан куч олмоқда
Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам “Кексалар ҳафталиги” доирасида нуронийларни эъзозлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасини ёш авлодга етказишга қаратилган учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.
Дўстлик туманидаги Қаҳрамон маҳалласида жойлашган 4-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Уч авлод учрашуви” ҳам ана шундай эзгу ташаббусларнинг бир ифодаси бўлди.
Мактабдаги одатий ўқув муҳити бу куни ўзгача тус олди. Бир даврада – умрини эл-юрт хизматига бағишлаган нуронийлар, меҳнат фахрийлари ва устозлар, уларнинг қаршисида эса ҳаёт йўлини энди бошлаётган ёшлар. Суҳбатлар давомида авлодлар ўртасидаги йиллар фарқи эмас, ҳаётий тажриба ва эзгу мақсадларни бирлаштирган маънавий яқинлик яққол намоён бўлди.


Нуронийлар ёшларга ўз ҳаёт сабоқларини сўзлаб берди. Меҳнатда тобланиш, илм эгаллаш, касбга садоқатли бўлиш, ота-она ва устозларни қадрлаш, Ватанга муносиб фарзанд бўлиб камол топиш ҳақидаги ўгитлар оддий насиҳат эмас, балки умр давомида синовдан ўтган ҳақиқат сифатида янгради.
Ёшлар ҳам бу мулоқотни қизиқиш билан тинглади. Зеро, китобдан ўқилган маълумот билан инсон умри давомида орттирган тажрибанинг таъсири бир-биридан фарқ қилади. Нуронийларнинг хотиралари, ҳаёт йўли ҳақидаги ҳикоялари ва самимий маслаҳатлари ёшлар учун ўзгача ҳаётий дарс бўлди.


Бундай учрашувларнинг замирида халқимизнинг азалий қадриятлари – каттани улуғлаш, кичикка ғамхўрлик қилиш, ҳаётий тажрибани авлоддан авлодга етказиш анъанаси мужассам. Айни жиҳат бугун мамлакатимизда кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати билан ҳам уйғун.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кекса авлод вакилларининг ёшлар тарбиясидаги фаол иштирокини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Қарорда, жумладан, “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойилини жорий этиш белгиланган. Бу эса нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси ва маънавий салоҳиятини ёшлар камолотига йўналтириш ғояси билан бевосита боғлиқ.

Дўстлик туманидаги уч авлод учрашуви ана шу эзгу мақсаднинг маҳалладаги амалий кўриниши бўлди. Бугун нуронийларнинг айтган ҳар бир ўгити ёшлар қалбида эзгу ният уйғотса, эртага шу ёшларнинг ютуғи катта авлод орзуларининг давоми бўлади.
Тадбирда фаол иштирок этганларга “Нуроний” жамғармаси томонидан ташаккурномалар топширилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири