Юз берган ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади
Жорий йилнинг 7 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ видеомурожаат тарқалди.
Мазкур видеомурожаат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида видеода акс этган ҳолат жорий йилнинг 15 сентябрь куни юз бергани аниқланди.
Бу бўйича тегишли ходимлардан тушунтириш хатлари олиниб, мавжуд ҳужжатлар ўрганилди. Ўрганиш жараёнида видеода акс этган гўшт маҳсулотларининг 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига тегишлилиги бўйича якуний хулоса қилиш учун қўшимча текширув ўтказиш зарурлиги аниқланди.
Шу муносабат билан, ҳолатга тўлиқ ва ҳар томонлама аниқлик киритиш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ўрганиш давомида тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда Тўрткўл тумани ички ишлар бўлимига юборилган.
Ҳолат юзасидан ваколатли орган томонидан тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири