Магнус Карлсен: “Синдоров илк партияларда етакчиликка эришса, Гукеш учун осон бўлмайди”
Норвегиялик афсонавий шахматчи Магнус Карлсен жорий йилнинг 24 ноябрь-12 декабрь кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида маҳоратли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров ва ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ўртасида жаҳон чемпионлиги учун кечадиган ўйинида ҳар икки гроссмейстернинг имкониятлари хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Халқаро шахмат федерацияси рейтингида пешқадамлик қилаётган собиқ жаҳон чемпиони “The Prakhar Gupta Xperience x Global Chess League” кўрсатувида мазкур қарама-қаршиликдаги матч ва ғолиблик учун имкониятлар ҳақида сўз юритиб, “Жавоҳир Синдоров яққол фаворит... Ўйлашимча, у ғалаба қозонади. У ҳар томонлама яхшироқ шаклланган”, дея таъкидлади.

Шунингдек, Карлсен "менимча, "ҳимоя" сўзи ўйинни бошлаш учун ҳар иккиси учун ҳам энг яхши ҳаракат эмас, чунки Гукешнинг сўнгги икки йилдаги ўйинига эътибор қаратсангиз, у ҳеч нарсани ҳимоя қилиши керак бўлган ҳолатда бўлмайди. Ҳинд шахматчиси қўлга киритиш учун керак бўлган ҳамма нарсага эга бўлган вазиятда. У 2024 йили декабрь ойида Сингапурда хитойлик Дин Лиженни мағлуб этиб, энг ёш жаҳон чемпиони бўлди. Ўшанда жуда юқори даражада ўйнаш имкониятига эга эканлигини кўрсатди. Менимча, агар Синдоров баҳсда эрта пешқадамликни қўлга киритса, бу, Гукешни жуда ёмон вазиятга солиб қўйиши мумкин. Акс ҳолатда Гукеш эрта пешқадамликни қўлга киритса, Жавоҳир учун мураккаб жараённи вужудга келтиради. Нима бўлганда ҳам, шахмат ихлосмандлари энг ёш чемпионлик жангига гувоҳ бўлади”, дея фикр билдирган.
Т.Рўзиев ёзиб олди, ЎзА