Эртага Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси машъаласи порлайди
Эртага, 15 сентябрь куни Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Бугун, 14 сентябрь куни шахмат олимпиадаси бошланиши муносабати билан Ҳиндистонда анъанавий машъала эстафетаси маросими ташкил этилди.
Тантанали маросимда ФИДE президенти вазифасини бажарувчи Вишванатан Ананд ва Ҳиндистон шахмат федерацияси президенти Нитин Наранг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси машъаласини ҳамюртимиз, жаҳон кубоги ва Номзодлар турнири ғолиби, “шахмат тожи”га даъвогар Жавоҳир Синдоровга топширди.
Ушбу машъала эртага Самарқанд шаҳрига етиб келади ва 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси очилиш маросимида ёлқинланади.

Олимпиада дастурига мувофиқ, 16-27 сентябрь кунлари 11 та классик босқич мусобақалари ўтказилади.
Айтиш лозимки, шахмат олимпиадасининг эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасидаги шиддатли курашларда умумий ҳисобда 400 та жамоа иштирок этиш талабномаларини тақдим этган.
Очиқ таркиб номи билан аталадиган, асосан эркаклардан иборат жамоалар 208 та, хотин-қиз шахматчиларни жамлаган жамоалар эса 192 тани ташкил этмоқда.
Иштирокчи жамоалар рейтингига кўра, эркаклар жамоалари рўйхатини Фабиано Каруана, Уэсли Со, Ҳанс Ниеманн, Левон Аронян, Авондер Лианг ва 2016 йилги шахмат олимпиадаси олтин медаль соҳиби Жон Доналдсондан иборат Америка Қўшма Штатлари бошқариб турибди.

Кейинги поғонани Аржун Эригаиси, Праггнанандха, Пентала Ҳарикришна, Ниҳал Сарин, Гукеш Доммаражу, Видит Гужрати ва жамоа сардори Сринатҳ Нараянанни жамлаган Ҳиндистон терма жамоаси эгаллаган.
Учинчи поғонадан Рустам Қосимжонов сардорлигидаги Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминовдан ташкил топган Ўзбекистон-1 терма жамоаси ўрин олган.
Шунингдек, Хитой, Германия, Озарбайжон, Арманистон, Аргентина, Нидерландия, Англия, Туркия, Франция, Эрон каби терма жамоалар кейинги рейтинг ўринларида кўрсатилган.
Шахмат олимпиадасида Ўзбекистон-1 жамоаси сингари Ўзбекистон-2 ва Ўзбекистон-3 жамоалари дона суради.
Муҳаммадзоҳид Суяров, Абдумалик Абдусалимов, Жаҳонгир Воҳидов, Ҳумоюн Бекмуратов, Ортиқ Ниғматов ҳаракатланадиган Ўзбекистон-2 жамоаси рейтингда 32, Саидакбар Саидалиев, Баҳром Баҳруллаев, Алмас Раҳматуллаев, Муҳаммадали Абдураҳмонов, Асроржон Омоновдан ташкил топган Ўзбекистон-3 жамоаси 55-ўринда қайд этилган.
Хотин-қизлар терма жамоалари рўйхатининг энг юқори қаторида 45-шахмат олимпиадаси ғолиби Ҳиндистон жамоаси, кейинги ўринларда Грузия, Хитой, Қозоғистон, АҚШ, Украина, Польша, Франция, Сербия, Нидерландия, Германия, Венгрия каби ўнлаб мамлакатларнинг жамоалари жойлашган.
Маҳоратли шахматчи қизларимиз Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Нилуфархон Имомқўзиева, Умида Омонова, Гулдона Каримовадан иборат Ўзбекистон-1 аёллар жамоаси 13, Нилуфар Ёқуббоева, Маржона Маликова, Асал Салимова, Мадинабону Халилова, Мумтозбегим Мансуровадан ташкил топган Ўзбекистон-2 жамоаси 42, Шохина Аҳмедова, Мафтуна Бобомуродова, Барчиной Шокиржонова ва Озода Шаҳзодовадан иборат Ўзбекистон-3 аёллар жамоаси 63-поғонада келтириб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси доирасида Халқаро шахмат федерацияси конгресс йиғилиши ҳамда ФИДE президентлиги учун сайловлар ташкил этилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА