Кулолчилик анъаналари давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Риштон туманидаги Тўраобод маҳалласида кулолчилик авлоддан-авлодга ўтиб, оилавий анъана сифатида давом этмоқда. Хусусан, шу маҳаллада яшовчи Замира Робилова 20 йилдан буён кулолчилик билан шуғулланиб, миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Замира Робилова кулолчилик сир-асрорларини қайнонаси Оминахон Робиловадан ўрганган. Айни пайтда турмуш ўртоғи Аъзамжон Робилов ва фарзандлари билан бирга оилавий устахона фаолиятини йўлга қўйган.
[gallery-30757]
Устахонада касаначилик асосида маҳалладаги 50 нафарга яқин хотин-қиз иш билан таъминланган. Бу ерда 100 турдан ортиқ кулолчилик буюмлари тайёрланиб, Хива ва Бухоро шаҳарлари, шунингдек, юртимизнинг турли ҳудудларига етказиб берилмоқда.
Хонадонда ташкил этилган мўъжаз музей ҳам ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Унда оилага тегишли ноёб кулолчилик намуналари, республика ва халқаро танловларда қўлга киритилган диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари жамланган.
– Вилоят ҳокимлиги кўмагида хонадонни маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун этнотуризм масканига айлантиришни мақсад қилганмиз, - дейди Аъзамжон Робилов. – Шу мақсадда миллий услубда тандир ва ўчоқ қурилди, миллий матолар билан безатилган ҳордиқ масканлари ташкил этилмоқда. Келгусида музей фаолиятини янада кенгайтириш режалаштирилган.
Мазкур хонадонга ташриф буюрувчилар тайёр маҳсулотларни томоша қилиш билан бирга, кулолчилик буюмларини тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этиб, қадимий ҳунар сирлари билан танишиш имконига эга.
Замира Робилованинг таъкидлашича, ҳар бир кулолчилик буюми ўзига хос санъат асари. Уларда миллий ҳунармандчилик анъаналари, усталарнинг меҳнати ва маҳорати мужассам.
Тўраобод маҳалласи хотин-қизлар фаоли Шаҳрибону Мелибоеванинг маълум қилишича, ҳудудда икки минг нафардан ортиқ хотин-қиз истиқомат қилади. Улар кулолчилик ва бошқа тадбиркорлик йўналишларида фаолият юритиб, маҳалла иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшмоқда. Тадбиркорлар томонидан кўплаб хотин-қизлар касаначилик асосида иш билан таъминланган.
Бугун кулолчилик Тўраобод маҳалласининг ўзига хос иқтисодий ва ҳунармандчилик йўналишларидан бирига айланган. 1 минг 169 хонадонда 4 минг 200 нафар аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда миллий кулолчилик анъаналари замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштирилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА