“Ёш солиқчи – 2026”: ғоялар, ташаббуслар ва янги имкониятлар майдони
Якунланаётган ҳафтада Самарқанд шаҳрида Республика солиқ қўмитаси томонидан илк бор ташкил этилган “Ёш солиқчи – 2026” форуми бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 июнь куни ёшлар билан учрашувда илгари сурган “Ёшлар лигаси”ни тузиш ташаббуси ижроси юзасидан ташкил этилган форумда юртимизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳар солиқ идораларининг 200 нафарга яқин ёш ходимлари қатнашди.
Тўрт кун давомида етакчилик ва лойиҳаларни бошқариш бўйича маҳорат дарси, солиқ маъмурятчилигини рақамлаштириш бўйича сессия, психолог иштирокида жамоа аҳиллиги ва рағбати бўйича тренинг, “Блитс-сўров” ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилди.
Форумнинг энг кутилган қисми — “Инновацион ечимлар танлови” ёшларнинг замонавий билим ва салоҳиятини намоён этгани билан аҳамиятли бўлди. Унда ҳудудий солиқ органлари ёшлари томонидан соҳанинг турли йўналишларни қамраб олган лойиҳалар тақдим этилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси “Soliq Quest” лойиҳаси орқали солиқ билимларини ўйинлаштирилган ва интерактив усулда ўргатишни таклиф қилган бўлса, жиззахлик ёш солиқчилар “Fermerlar kalendari” ташаббусида қишлоқ хўжалиги субъектлари учун солиқ тўловларини экин тури, ҳосил даври ва реал даромад тушиш вақтига мослаштириш ғоясини илгари сурди. Қашқадарё вилоят жамоасининг “Soliq Start” мобил иловаси ёш тадбиркорлар ва фрилансерлар учун смарт-калькулятор, солиқ календари, имтиёзлар харитаси, қисқа видеодарслар, тестлар ҳамда 24/7 режимида ишлайдиган AI-консультантни ягона платформада бирлаштиришни назарда тутди.
Самарқанд вилоят жамоаси томонидан сунъий интеллект асосида прогноз қилиш ҳамда солиқ имтиёзларини KPI кўрсаткичлари орқали баҳолаш тизими намойиш этилди.
– Биз лойиҳа устида ишлаётганда, аввало, бу ечим солиқ тизимига нима беради, деган саволдан келиб чиқдик, – дейди Самарқанд вилоят солиқ бошқармаси жамоаси вакили Элбек Хидиров. – Сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ўзи мақсад эмас. Муҳими, мавжуд маълумотлардан тўғри хулоса чиқариш, келгуси ҳолатни олдиндан баҳолаш ва қарор қабул қилишда аниқ таҳлилий асосга эга бўлиш. Имтиёзларни KPI орқали баҳолаш ғояси ҳам шу эҳтиёждан келиб чиқди.
Форум доирасида ёш мутахассисларнинг шахсий ва касбий салоҳиятини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Нотиқлик санъати ва лидерлик харизмаси” мавзусидаги амалий машғулотда иштирокчилар самарали мулоқот, жамоани бошқариш, омма олдида ўз фикрини эркин ифодалаш ва етакчилик кўникмаларини ривожлантириш бўйича амалий тажрибага эга бўлдилар.
Форум якунида энг фаол иштирокчилар ва жамоалар турли номинациялар бўйича тақдирланди.
“Энг яхши ёш солиқчи – 2026” бош соврини Фарғона вилоят солиқ бошқармаси юридик шуъба бош юрисконсульти Шукрулло Халиловга насиб этди.

“Энг яхши ёш лидер” номинациясида Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси юридик шахсларга хизмат кўрсатиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими давлат солиқ катта инспектори Азизбек Парпиев ғолиб бўлди.
“Энг фаол ва ташаббускор қиз” номинациясида Сирдарё вилоят солиқ бошқармаси давлат солиқ бош инспектори Одина Қурбонбоева эътироф этилди.
Шунингдек, “Энг яхши ҳудудий жамоа – 2026”, “Энг яхши стартап ташаббус – 2026”, “Энг интеллектуал жамоа – 2026”, “Форумнинг энг фаол ташкилотчиси – 2026” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, тақдирланди

Тадбирда ёш кадрларнинг хорижий тажрибалар билан танишиши учун ҳам имконият яратилди. Истеъдодли ва истиқболли кадрлар орасидан 12 нафар ёш солиқчига “Yandex” компанияси томонидан Москва шаҳрида амалий тажриба орттириш ва ўзаро тажриба алмашиш учун ваучерлар тақдим этилди.
Самарқандда ўтказилган “Ёш солиқчи – 2026” форуми шу тариқа билим, ташаббус ва инновацияни бирлаштирган майдон сифатида ўз аҳамиятини намоён этди.
Тадбир давомида иштирокчилар кўҳна кентнинг бой тарихидан сўзловчи қадимий обидаларни зиёрат қилиб, унинг бетакрор меъморий мероси билан яқиндан танишдилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири