Давлат харидларида хавфларни барвақт аниқлашга эътибор қаратилмоқда
Давлат харидларида маблағларнинг самарали ва мақсадли сарфланишини таъминлаш билан бирга, жараёнларда шаффофлик ва қонунийликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, молиявий хавфларни олдиндан аниқлаш, контрагентларни ишончли текшириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш давлат харидлари самарадорлигини оширишда асосий омил ҳисобланади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида ўтказилган махсус ўқув семинарида шу ҳақда сўз борди.
Унда вазирлик марказий аппарати ходимлари, тизимдаги корхоналарининг харидлар, бухгалтерия, молия, ички аудит бўлимлари масъуллари ҳамда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимлари қатнашди.

Семинарда, аввало, вазирлик тизимида давлат харидлари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова маълумот берди.
Шундан сўнг давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик талаблари ва сўнгги ўзгаришларга эътибор қаратилди. Ҳисоб палатаси бош инспектори Ш. Солиев ҳамда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги масъул ходими Б. Тўхтасинов иштирокчиларга “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талаблари, харидларни ташкил этиш тартиби ва соҳадаги янгиликлар юзасидан тушунтиришлар берди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун давлат харидларини очиқ, шаффоф ва рақобат асосида ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди. Унда харид жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, харидларни амалга ошириш тартиби, шаффофликни таъминлаш, манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий хавфларнинг олдини олишга қаратилган талаблар назарда тутилган. Мазкур ҳужжат талабларига қатъий риоя этилиши давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, харид жараёнларида адолатли рақобат муҳитини шакллантириш ва эҳтимолий ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, харид жараёнларида юзага келиши мумкин бўлган молиявий ва бошқа хавфларни аниқлаш, уларни баҳолаш ҳамда эҳтимолий коррупциоген омилларни камайтириш масалалари кўриб чиқилди. Контрагентларни текшириш, манфаатлар тўқнашувини барвақт аниқлаш ва унинг салбий оқибатларига йўл қўймаслик бўйича амалий тавсиялар берилди.
Семинар якунида давлат харидларини қонунчилик талаблари асосида ташкил этиш, хавфларни олдиндан баҳолаш ва ички назорат механизмларини самарали қўллаш соҳада шаффофликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири экани қайд этилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА