Коррупция — жамият тараққиётига таҳдид (+видео)
Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида “Ўзагросуғурта” АЖ томонидан давра суҳбати ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари ҳамда соҳа ходимлари қатнашди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 апрелдаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган устувор вазифаларга асосий эътибор қаратилди. Шунингдек, мамлакатимизда одил судловни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти иштирокчиларга тушунтирилди.
“Ўзагросуғурта” АЖ ҳамда Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан очиқ мулоқот ўтказилди, - дейди Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси Алломахон Мамирова. – Бу мулоқотда айнан коррупцияга қарши кураш бўйича республикамизда кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида урғу берилди. Мазкур мулоқотда судьялар ҳамда “Ўзагросуғурта” раҳбарияти ва ходимлари ўртасида қизғин савол-жавоблар бўлди. Кўпгина масалаларга ойдинлик киритилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича коррупциядан холи жамият -давлатнинг барқарор ривожланиши учун муҳим пойдевордир. Шу нуқтаи назардан бюрократик тўсиқларни камайтириш, фуқароларнинг масъулиятини ошириш ҳамда давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бугунги кун талабидир.
Тадбирда ҳалоллик, адолат, масъулият каби фазилатлар ёш авлод онгида шакллантирилиши энг аввало оиладан бошланиши лозимлиги айтилди. Бу эса миллий қадриятларимиз ва маънавий анъаналаримизнинг ажралмас қисми экани таъкидланди. Давра суҳбатида коррупция жамият тараққиётига жиддий хавф туғдирувчи иллатлардан бири экани, унга қарши самарали курашиш учун давлат ва жамият биргаликда ҳаракат қилиши зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Шу куни “Ўзагросуғурта”нинг ҳудудий филиаллари билан ҳам тўғридан-тўғри онлайн алоқа боғланилиб, уларнинг коррупцияга қарши кураш ва олдини олиш бўйича ишлари ўрганилди ҳамда бу иллатга қарши самарали кураш механизмларини шакллантириш бўйича берилган саволларга иқтисодий судьялар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
Тадбир якунида бу каби учрашувларни вилоятдаги филиалларда ҳам ўтказишга келишиб олинди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/fNDyYMZVYYA?si=GFB9VKtkdowq1aPc" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА