Китобхонлик ҳаракати — миллат маънавий қудратига замин
Ҳар гал оилавий бирор савдо марказигами ёки истироҳат боғигами борсак, китоб сотилаётган расталарни кўрганда қизларим биринчи навбатда шу расталар олдига чопиб боради. Катта қизим классик ва замонавий адабиётларни кўриб, “шуни ўқийман дегандим, бунисиям зўр асар” дея саралаб бошлайди. Ҳатто боғчага борадиган қизим ҳам китоблар, эртак тўпламлари, “Раскраска”ларни танлаб олишга тушади. Бундай пайтда, албатта, китоб расталари олдидан китобларсиз қайтмаймиз. Фарзандларимизнинг китобга бўлган меҳридан, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини ўқишга бўлган иштиёқидан қувонамиз.
Биз сингари оилавий борганлар ёки ёшлар тўп-тўп бўлиб, китоблар сотиб олаётгани, асарларни таҳлил қилаётганини кўриб, икки карра хурсанд бўламан — демак, ёшларимиз китобга ошно. Китоблар, асарлар устида бораётган баҳслар эса китобхон авлоднинг намунаси.

Дарҳақиқат, юртимизда аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтиришга устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Ушбу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, қатор Президент қарор ва фармонлари қабул қилинди. 2017 йилда “Ёш китобхон” танлови йўлга қўйилиб, миллионлаб ёшлар китобхонликка жалб қилинди. “Ёш китобхон оила” танлови ҳам жорий этилиб, ҳар бир оилага мутолаа муҳитини, китобхонлик маданиятини олиб кирмоқда. Мазкур танловларда ғолиб бўлаётган энг ёш китобхон фарзандларимиз ва китобхон оилалар Президент совғаси – замонавий автомобиллар билан тақдирланмоқда.

Бундай рағбат ва эътибор аҳоли ўртасида китобхонликни ва мутолаа маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилади, ҳар бир инсонни китоб билан ошно бўлишга чорлайди, тафаккурни бойитишга иштиёқни оширади. Зеро, китобхонлик ва мутолаа муҳити миллат келажаги, халқимиз маънавий-маърифий қудратига замин бўладиган омилдир.
Эндиликда бу каби ҳаётий лойиҳаларнинг мантиқий давоми сифатида давлатимиз раҳбари томонидан “Миллий китобхонлик ҳаракати” дастурига старт берилди.

Қайд этиш лозимки, мазкур дастурнинг умумий йиллик мукофот фонди 240 минг долларни ташкил этади. Бош соврин соҳиби 50 минг доллар билан тақдирланади. Ушбу ҳаракат мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Унда умумтаълим мактабларининг 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилари иштирок этиши мумкин.
“Миллий китобхонлик ҳаракати” ёшларимизни китоб билан ҳамнафас равишда камол топиши, аждодларимиз меросини чуқур ўрганиши ҳамда мутолаа маданияти кенг қулоч ёйиши учун катта рағбат ва мотивация бўлади. Бой маънавий, илмий, бадиий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш миллатимизнинг аслини, нималарга қодир эканлигини намоён қилиш имконини беради. Шундай экан, ушбу дастур китобхон авлодни шакллантириш баробарида улар орқали ўзлигимизни, аждодларимиз меросини дунёга кенг таратишда энг йирик маърифий ҳаракатга айланади.
Бугун ёшларимиз китоб билан ёнма-ён, уларнинг китоб ўқишга бўлган иштиёқи баланд. Илму зиёли, маърифатли, китобсевар авлод эса жадид боболаримиз орзу қилганидек, маърифатпарвар миллат равнақига, тараққиётига, замон билан ҳамнафас ривожланишига замин бўлади. Китобхонлик ҳаракати эса булоқ сингари миллат маънавий қудратини мунтазам таъминлаб турадиган катта куч бўлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА