Инсон қадри улуғланган юрт
Таваккал Қодировнинг 100 йиллиги
Ўзбекистон халқ артисти Таваккал Кодиров Фарғона вилоятининг Қува туманида деҳқон оиласида таваллуд топган. Болалигидан мусиқага қизиққан ва маҳаллий санъаткорлардан доира ва ғижжак чалиш сирларини ўрганади. Кейинчалик у ўзбек мумтоз мусиқаси, айниқса, “Дугоҳ”, “Сегоҳ” каби мақом йўлларини пухта ўзлаштириб, профессионал санъат йўлига кириб келади.

У Фарғона мусиқа билим юртида таҳсил олган, кейинчалик Фарғона педагогика институтини ҳам тамомлаган. Санъаткор меҳнат фаолиятини Қува тумани маданият уйида бошлаб, бадиий раҳбар сифатида ишлаган. Сўнгра Фарғона театри ва Фарғона вилоятлараро филармониясида яккахон хонанда сифатида фаолият кўрсатган. Умрининг сўнгги йиллари Таваккал Қодировга профессор унвони берилди ва у Фарғона давлат университетида ёшларга таҳсил берган.
Таваккал Қодиров ижросидаги халқ қўшиқлари ва мумтоз ашулалар тингловчиларга алоҳида руҳий таъсир кўрсатар эди. Унинг овозида миллийлик, самимият ва халқона оҳанг мужассам эди.

Аввал хабар берганимиздек, 30-31 май кунлари Фарғона шаҳрида “Таваккал Қодиров қўшиқлари эл қалбида” номли халқаро танлов ўтказилмоқда. Ўзбекистон халқ артисти, Республика “Мақом” ансамбли раҳбари Абдуҳошим Исмоилов бизга интервью берди.
– Муҳтарам Президентимиз инсон қадрини улуғлашга ҳамиша юксак эътибор берадилар. Нафақат ўтган устозлар, балки бугунги кун санъат аҳлининг ҳам истеъдодини яхши биладилар ва қадрлайдилар. Юртимизда 29-31 май кунлари Ўзбекистон булбули деб ном олган Ўзбекистон халқ артисти, мухлислар юрагидан жой олган, юқори ва ширали овоз эгаси, устозимиз Таваккал Қодировнинг 100 йиллиги кенг нишонланади. Бу буюк санъаткорни нафақат Ўзбекистонда, балки туркий давлатлар санъат шинавандалари ҳам яхши биладилар, унинг ижодини эъзозлайдилар.

Шу кунгача мамлакатимизда бўладиган барча байрамлар, оммавий тадбирларда Таваккал Қодиров ижросида қўшиқ бошланиб, уни бугунги ёшлар давом эттиради. Халқимизнинг “икки дунёинг обод бўлсин” деган дуолари ижобати шу бўлса керак. Шу муносабат билан айтмоқчиманки, бундай санъаткорнинг 100 йиллигини халқаро миқёсда нишонлаш барча санъаткорлар учун намуна. Устоз санъаткорни қадрлаш ортида бугунги санъат аҳли, айниқса, ёшлар учун сен ҳам Ватанга ва санъатга ҳалол хизмат қилсанг, мана шундай улуғланасан, деган маъно бор.

Яна бир гап. Яқинда тарихий воқеа рўй берди. Ҳали яшаб турган санъаткор Фаррух Зокиров номига мактаб қўйилди. Бу ҳам биз учун, халқимиз учун катта ибрат. Шу маънода ҳам Таваккал Қодировнинг 100 йиллигини бу қадар оммавий равишда нишонлаш биринчидан байрам, иккинчидан ибрат. Ишончим комил, бу халқаро тадбир халқ байрамига айланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Bfr-EZ0JYJk?si=pOlwsenh-AMppMo5" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА