Камбағалликни қисқартириш – устувор вазифа
Юртимизда камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб қўйилган. Сўнгги йилларда аҳолининг даромадини ошириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш йўналишида тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу муаммони ҳал қилиш нафақат аҳолининг ҳаёт даражасини оширишга, балки мамлакатнинг барқарорлиги ва иқтисодий ўсишига ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
ЎзХДП Навоий вилоят Кенгаши ҳамда “Юксалиш” ҳаракатининг ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида “Камбағалликни қисқартириш: муаммолар, ечимлар ва янги ёндашувлар” мавзусида ўтказилган жамоатчилик эшитувида ҳам шу ҳақда сўз юритилди.
Унда партиянинг вилоят Кенгаши раиси Бахтиёр Ташев ва “Юксалиш” ҳаракати ҳудудий бўлинмаси раҳбари Алижон Жалилов сўзга чиқиб, камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларни жадаллаштириш, манзилли ёндашувни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Тадбирда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси вакиллари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Албатта, иш ўринлари яратиш ва иқтисодий фаолликни рағбатлантириш чоралари аҳолига барқарор даромад манбалари яратишга хизмат қилмоқда.
Маълумотларга кўра, вилоятда 2025 йил бошида ижтимоий реестрда турган камбағал оилалар сони 13,8 мингтани, камбағал аҳоли сони 62,2 минг нафарни ҳамда камбағаллик даражаси 5,7 фоизни ташкил этган. Йил давомида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 10,2 минг оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 4,2 фоизга туширилди. Навоий, Зарафшон ва Ғозғон шаҳарларида ишсизлик даражаси 4 фоиздан пасайиб “табиий ишсизлик” даражасига яқинлашди.

– Камбағалликни қисқартириш ишларини жадаллаштириш мақсадида вилоят ва туман даражасидаги 550 нафардан ортиқ раҳбарларга 1-5 босқичларда 12,8 мингта камбағал оилалар бириктирилди ва ушбу оилаларнинг 56 мингта муаммолари ҳал этилди, – дейди вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ферузжон Бобоқулов. – Бундан ташқари, 2025 йил давомида вилоятда 11,8 мингта оилага даромадини оширишга қаратилган 23,1 мингта хизматлар кўрсатилди. Шунингдек, “қизил тоифада”ги 100 та оила хонадонига 5 кВтлик қуёш панеллари қуриб берилди. Бугунги кунда вилоятдаги 310 та маҳалладан 143 таси тўлиқ камбағалликдан чиқарилди.
2025 йилда вилоятда 162,7 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган бўлса, 12 720 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунар ҳамда тадбиркорликка ўқитилди.
Жорий йилда 28 536 нафар аҳолини доимий ишга жойлаштириш, 145 424 нафар аҳолининг даромадини ошириш ва 35 138 та иш ўринларини “соядан чиқариш” белгиланган. Бунга хизмат кўрсатиш, қурилиш, саноат, тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, “Бандлик органлари – иш берувчилар ҳамкори” дастури ва инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига эришилади. Белгиланган чора-тадбирлар натижасида 2026 йил якунида вилоятда камбағаллик даражаси 2,1 фоизга, ишсизлик даражаси эса 3,9 фоизга туширилиши режалаштирилган.
Албатта, аҳолини камбағалликдан чиқаришда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига кўрсатилаётган эътибор ҳам муҳим аҳамиятга эга.
“Инсон” марказлари ва ижтимоий ходимлар томонидан 2023 йилда 49 турдаги ижтимоий хизмат ҳамда ёрдамлар кўрсатиш йўлга қўйилган бўлса, 2025 йилда хизматлар сони 120 тага етказилди.
– Ижтимоий ходимлар томонидан 220 та оилага оғир кейслар очилди, 300 дан ортиқ мини лойиҳалар амалга оширилди, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фаррух Вафоев. – Вилоятнинг 11 та ҳудудида ташкил этилган “Кундузги парвариш” гуруҳларига 292 нафар ногиронлиги бўлган бола қамраб олинди. Натижада боласига қараб туриш билан боғланиб қолган 65 нафар ота-онанинг бандлиги таъминланди. 4 та ҳудудда “Илк ривожланиш марказ”ларини ташкил этиш орқали 172 нафар таълимга жалб этилмаган ногирон ва камбағал оила фарзандлари таълимга қамраб олинди. Шунингдек, вилоятдаги 19 та мактабгача таълим ташкилотларида “Инклюзив гуруҳ”лар ҳамда 82 та умумтаълим мактабларида 122 та “Инклюзив синфлар” ташкил этилди. Ишлаш истагидаги 7 551 нафар ногиронлиги бўлган шахслар бандлиги таъминланди.
Ҳудудлардаги салоҳиятли тадбиркорлар билан ҳамкорликда 901 нафар ўзгалар парваришига муҳтож шахслар “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида 5 турдаги янги ижтимоий хизматлар билан қамраб олиниб, 154 нафарига ижтимоий реабилитация хизматлари кўрсатилди. Натижада ушбу тоифадаги шахсларга қараш билан боғланиб қолган 120 нафар аҳоли ишга чиқди ва даромадли бўлди.
“Камбағал оилалар реестри”га киритилган 14 536 та оила билан амалий ишлар олиб борилиши натижасида 6 268 та камбағал оиланинг даромади ошиб камбағалликдан чиқарилди.
Хуллас Навоий вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар, манзилли ва тизимли ёндашув натижасида нафақат камбағал оилалар ҳаёти яхшиланмоқда, балки ишсизлик даражаси ҳам пасайиб, аҳоли ўз салоҳиятини ривожлантириш имкониятига эга бўлмоқда. Бу жараён давлат ва жамиятнинг ҳамкорлигида аҳолининг фаровонлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
А. Бўриев, ЎзА