35 нафар Фарғоналик “Эл-юрт умиди” жамғармаси таълим дастурлари асосида хорижий давлатларда таълим олмоқда
Президентимизнинг 2025 йил 5 майда қабул қилинган “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ёшлар ва давлат хизматчиларига катта имкониятлар эшигини очмоқда. Унга кўра, Президент ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси қайта ташкил этилди.
“Таълим – келажак сармояси” деган эзгу ғоя жамиятимизда катта ҳаракатга айланиб, бугун ўзининг амалий самарасини бермоқда. Ёшларимизга яратилаётган кўплаб имтиёзлар қатори, “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти такомиллаштирилиши натижасида топ-300 талик олийгоҳга кирганлар учун ўқиш ва яшаш харажатини қоплаш тизими янги тартибда ишлай бошлади. Ҳусусан, STEM йўналишлари (илм-фан, технология, муҳандислик ва математика), энергетика, транспорт, урбанизация, архитектура, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги каби драйвер соҳалар учун квоталар бир неча карра ошириб берилди.

2025 йилнинг биринчи очиқ стипендия танловида 173 нафар номзод, иккинчи очиқ стипендия танловида яна 64 нафар номзод “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эл-юрт умиди” стипендияси совриндори” деб эътироф этилди. Уларнинг 70 фоизи дунёнинг ТОП-100 талигига кирувчи (Кембриж, Лондон, Сеул миллий университети ва б.) олийгоҳларга қабул қилинган. Улар орасида 25 фоизи — хотин-қизлар ташкил этади.
Бугунги кунга қадар “Эл-юрт умиди” жамғармаси таълим дастурлари асосида хорижий давлатларда таълим олиб қайтган ҳамда мамлакатимизда меҳнат қилаётган сдипентиатлар 372 нафарни ташкил этиб шундан 35 нафари Фарғона вилоятидан бўлиб, улар ўз вилоятнинг турли соҳаларида меҳнат фаолиятини олиб бормоқдалар. Айни вақтда 52 нафар вилоятимизнинг иқтидорли ёшлари жамғарманинг танловларида ғолиб топилиб Буюк Бритатания, Россия Федерацияси, Америка Қўшма Штатлари, Италия, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Швейцария, Белгия ва Франция давлатларида таҳсил олмоқдалар.

Нуфузли хорижий университетларнинг бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим йўналишларида таҳсил олиш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга жамғарма стипендиялари танловида муваффақиятли иштирок этиш учун тушунча ва тавсиялар бериш мақсадида, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан Республиканинг барча ҳудудларида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, Фарғона вилояти бўлиб ўтган учрашувларда вилоятдаги мингдан зиёд, ёшлар вакиллари, талабалар ҳамда давлат фуқаролик хизматида фаолият юритаётган ёш давлат хизматчилар иштирок этишди. Очиқ мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган халқаро таълим, хорижий стажировка ва малака ошириш имкониятлари юзасидан саволларига мутахассислардан жавоблар ҳамда амалий тавсиялар олдилар.
Бу каби мулоқотлар истиқболли кадрларни селекция қилиш билан бир қаторда, янги авлод мутахассисларини шакллантиришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
Аҳаджон Акбаров,
Бошқарув самарадорлиги агентлиги Фарғона вилояти филиали раҳбари