Навоийда ҳаво ифлосланишини камайтириш чоралари таҳлил қилинди
Навоий вилояти ҳокимлиги катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Сенатнинг тегишли қўмитаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши вакиллари иштирок этган йиғилишда атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларни камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда вилоятда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича муайян ижобий натижаларга эришилган. Жумладан, 2025 йил якунларига кўра, атмосферага чиқарилган ифлослантирувчи моддалар ҳажми 2024 йилга нисбатан 2,1 фоизга камайган.
Шунингдек, вилоятда 736 та корхонанинг атмосферани ифлослантирувчи манбалари хатловдан ўтказилган. Ушбу жараён доирасида 340 тадан ортиқ меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилгани соҳада тизимли ёндашув йўлга қўйилаётганини кўрсатади.

“Тоза ҳаво” тадбирлари ҳам самарали амалга оширилган. Хусусан, 8 мингдан ортиқ автотранспорт воситаси техник хизматдан ўтказилиб, 257 тонна зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилишининг олди олинган.
Бундан ташқари, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ишчи гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, улар томонидан атмосферага зарарли ташламалар чиқарилишининг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Шу билан бирга, 2026–2027 йилларга мўлжалланган экологик ҳолатни яхшилаш дастури ҳам тасдиқланган.
Шу билан бирга, муҳокама жараёнида бир қатор жиддий камчиликлар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилди. Жумладан, айрим корхоналарда ўрнатилган автоматик мониторинг станциялари Экология миллий қўмитасининг электрон платформасига интеграция қилинмаган. Бу эса экологик назорат самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Айрим ҳолларда корхоналар томонидан экологик талабларга риоя этилмаётгани, ҳисоботларда атроф-муҳитга етказилган зарар миқдори камайтириб кўрсатилаётгани ҳам танқид қилинди. Шунингдек, барча ҳудудларда автоматлаштирилган кичик станциялар ўрнатиш ишлари етарлича суръатда олиб борилмаётгани қайд этилди.
Мутахассислар фикрича, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун давлат экологик назоратини янада кучайтириш, амалдаги корхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналарининг самарадорлигини камида 95 фоизга етказиш, янги ишга туширилаётган корхоналарда эса бу кўрсаткични 99,5 фоиздан паст қилмаслик зарур.
Шунингдек, йирик саноат корхоналари атрофида “яшил белбоғ”лар барпо этиш, атроф-муҳит мониторингини кучайтириш ва автоматлаштирилган кузатув тизимларини кенг жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Навоий вилоятида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муайян натижалар бермоқда. Бироқ соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, назоратни кучайтириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали бу йўналишда янада юқори самарадорликка эришиш мумкин.
А. Бўриев, ЎзА