ЖЧ-2026: ФИФА рекорд даражада даромад олганини маълум қилди
ФИФА жорий ёзда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатидан рекорд даражадаги 15 миллиард доллар (11,2 миллиард фунт стерлинг) даромад олганини маълум қилди.
Бу кўрсаткич ташкилот кутган прогнозлардан 4 миллиард долларга кўпдир. Улкан фойданинг асосий қисми VIP хизматлар ва чипталарнинг иккиламчи бозордаги (қайта сотиш) қиммат савдосидан тушган — ФИФА у ердаги ҳар бир олди-сотдидан жами 30% улуш олади. Ҳатто финал ўйини учун энг қиммат VIP чипталар баҳоси бир киши учун 34,500 долларгача етди.
Бу молиявий муваффақият ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг мавқеини янада мустаҳкамлайди. Мусобақа давомида АҚШ ҳужумчиси Фоларин Балогуннинг қизил карточкаси Дональд Трампнинг босими остида бекор қилингани ҳақидаги шубҳалар Европа футбол ассоциацияларининг жиддий норозилигига сабаб бўлган эди.
Экспертлар фикрича, ЖЧ даромадлари ҳисобидан миллий ассоциацияларга бериладиган қўшимча маблағлар Инфантинога қарши ошкора чиқишларнинг олдини олди ва унинг мартдаги сайловларда қайта сайланишини деярли кафолатлади.
Ушбу муваффақият ортидан Қўшма Штатлар 2029 йилги клублар ўртасидаги ЖЧ ва 2038 йилги Жаҳон чемпионатини ҳам ўзида ўтказиш истагини билдирмоқда. Дональд Трамп бу сафар Канада ва Мексикасиз, мусобақани фақат АҚШнинг ўзида ташкил этиш ниятида эканини айтган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА