Жанг майдонлари ва фронт ортидаги матонат соҳибалари
Ўтган асрнинг машъум даври — Иккинчи жаҳон уруши йиллари дунё халқларини ларзага солган, кўплаб инсонларнинг, оилаларнинг ёстиғини қуритган қора кунлар сифатида тарихимизга муҳрланиб қолди.
Бу урушда ўзбек халқи ҳам жасорат ва матонат кўрсатди. Маълумотларга кўра, урушга жалб этилган ватандошларимиз сони 1 миллион 951 минг нафар бўлиб, улар орасида хотин-қизлар ҳам кўпчиликни ташкил этган. Манбаларга қараганда, 4 минг 555 нафар ўзбекистонлик хотин-қизлар фронтда эркаклар билан бир сафда тинчлик учун курашган.
Бу мавзуда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Азиза Аҳророва билан суҳбатлашдик.

— Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбекистонлик мард ўғлонлар билан бирга хотин-қизлар ҳам фронтга сафарбар қилинган. Улар ҳақида қандай тарихий маълумотлар бор?
— Иккинчи жаҳон уруши аёвсиз кечгани билан, минглаб инсонларнинг ҳаётига нуқта қўйгани билан тарихимизда ўчмас из қолдирган. Урушда миллионлаб жангчилар жон-жаҳди билан жанг майдонларига тушишган.
Албатта, бундай беаёв уруш қурбонларсиз, жароҳатларсиз кечмайди. Бу жараёнда эса шифокор ва ҳамшираларнинг кўмаги катта бўлган. Жангчилар уруш майдонларида жароҳатланган, касалланган кишиларнинг 70 фоизидан кўпини оёққа турғазиб, қуролдош дўстлари сафига қайтарган шифокорлардан доим миннатдор бўлганлар.

Ана шундай шифокор ва ҳамширалар орасида ўзбекистонлик хотин-қизлар ҳам кўпчиликни ташкил этган. Умуман, ўзбекистонлик хотин-қизларнинг фронтдаги жасорати, матонати беқиёс бўлиб, улар тўғрисида қатор илмий тадқиқотлар олиб борилган. Улардан бири - Муқаддам Ашрапова.
Муқаддам Ашрапова ҳаракатдаги армияга чақирилганида эндигина 24 ёшга кирган эди. У 786-ўқчи полк санитария қисмида жанговар фаолиятини бошлаган. Муқаддамхон Орёл, Белгород, Курскни озод қилиш жангларида иштирок этган юзлаб офицер ва аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолган.
Манбаларга кўра, Совет иттифоқи маршали А.А.Гречко қўмондонлик қилган 1-гвардиячи армия жангчилари толмас ҳарбий жарроҳ Муқаддам Ашрапованинг хизматларини жуда эъзозлашар эди. Ўзбек шифокор қизи Прагагача бўлган жанговар йўлни босиб ўтган. Умуман, уруш йилларида 200 дан ортиқ жарроҳлик амалиётини амалга оширган малакали жарроҳ Муқаддам Ашрапованинг хизматлари, ғалабага қўшган ҳиссаси алоҳида ўринга эга.
Кейинги фаолияти давомида медицина фанлари доктори, профессор илмий даражаларига эришган М.Ашрапова кейинчалик Тошкент давлат медицина институтининг иккинчи хирургия клиникасига раҳбарлик қилган. Бугунги кунда пойтахтимиздаги “Шон-шараф” музейи тепасида ўрнатилган “Мангу жасорат” монументида Муқаддам Ашрапованинг ҳайкали ҳам қад ростлаган.
1942 йил эрта кўкламда Тошкент давлат медицина институтини тугатган йигирма нафар ёш врач Ватан ҳимоясига чақирилди. Улар орасида уч дугона — Нури Шокирова, Пўлатой Қодирова, Собира Мажидовалар ҳам бор эди.
Ўзбек қизи Собира Мажидова жанг майдонида ўтказган ҳарбий фаолияти мобайнида кўплаб мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажарган. Гвардиячи катта лейтенант С.Мажидованинг фронт йўллари — Днепрдан кечиб ўтиш, Ғарбий Украина, Балатон кўли, Будапешт, Австрия, Югославия, бир сўз билан айтганда, Днепрдан Дунайгача бўлган жанговар йўл эди. Ўзбек қизи ушбу оловли йўлларни босиб ўтиб, ғалабани Австрияда кутиб олган.
Бундан ташқари, урушнинг дастлабки йилларида 1-ўзбек делегацияси тушган ва совға-саломлар ортилган поездни бошқариб борган машинист Башорат Мирбобоева, ҳам ҳамшира, ҳам ўқчи зенитчи, артиллерия разведкачиси бўлган Азиза Қаландарова, шунингдек, Зебо Ғаниева, Роза Иброҳимова ва Мавжуда Саматовалар ҳақиқий қаҳрамонлар қаторида ўрин олишган.
Ўзбекистонлик аёллардан яна бири — Тошкент педагогика институти тарих факультетининг талабаси Елена Семпковская эди. “Комсомолская правда” газетасининг 1942 йил октябрдаги сонида ёзилишича, унинг фронтдаги жасорати кўпларга ўрнак бўлган. Е.Стемпковская Сталинград мудофааси қаҳрамонлари қаторидан абадий ўрин олган. Зимовенка қўрғонида бўлган жангда моҳир радист қиз ҳалок бўлган. Е.Стемпковскаяга ўлимидан кейин Совет иттифоқи қаҳрамони унвони берилган.
— Биламизки, уруш йилларида куч-қуввати бор эркаклару йигитлар жанг майдонларига юборилиб, фронт ортидаги барча юмушлар хотин-қизлар зиммасида қолиб кетган. Шу маънода ўзбек хотин-қизларининг халқ хўжалигидаги ўрни ва иштироки ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Дарҳақиқат, уруш йилларида хотин-қизларнинг халқ хўжалигида ҳал қилувчи ижтимоий куч сифатидаги ролининг ўсиши давр талабига айланган. Шу боис, хотин-қизлар бўлимлари 1943 йил май ойида қисқа муддатга қайта ташкил этилиб, улар фаолиятида ишнинг йўналиш, шакл ва усуллари анча ривожлантирилиб, мураккаблаштириб борилган.
Хусусан, ВКП(б) МҚнинг 1943 йил 22 январдаги қарорига мувофиқ ҳамда 18 майдаги ЎзКП(б)МҚ бюроси қарори асосида Марказий қўмита аппаратида хотин-қизлар ўртасида ишлар бўйича бўлим ва бўлим мудири, республика партия қўмиталари қошида хотин-қизлар советлари ташкил этилиб, уларга вилоят партия қўмиталарида вилоят котиблари (обком секретарлари)нинг ўринбосарлари, шаҳар ва туман партия қўмиталарида хотин-қизлар ишлари бўйича секретарлар лавозими жорий этилган. Бутун республикада бу соҳага масъул сифатида вилоят партия қўмиталарида 10 нафар секретарь ёрдамчиси, шаҳар партия қўмиталарида 13, шаҳар таркибидаги туман партия қўмиталарида 11, қишлоқ туман партия қўмиталарида 133 нафар секретарь тайинланган эди.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигидаги ишлар, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналаридаги юмушларда ҳам юртимиз хотин-қизлари жонбозлик кўрсатган. Уларнинг Ватан озодлиги йўлидаги хизматлари, сабру матонати унутилмас даражадаги қаҳрамонликдир. Умуман, уруш даври қаҳрамонларининг кўрган-кечирган заҳматлари, матонатию бардошлилиги ҳар бир давр авлодлари учун битмас-туганмас намуна бўла олади.
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.
ЎзА