“Буюк бирлик” партияси делегацияси Бухорода
Туркия Республикасининг “Буюк бирлик” партияси раиси Мустафо Дестижи бошчилигидаги делегациянинг Бухорога ташрифи икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар, маънавий яқинлик ва маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланаётганининг амалий ифодаси бўлди.
Меҳмонлар Бухоро темир йўл вокзалида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Жамол Ашуров томонидан самимий ва юксак меҳмондўстлик руҳида кутиб олинди. Миллий қадриятларга хос муносабат ва ҳурмат муҳити делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Ташриф дастури, аввало, Бухоронинг энг муқаддас зиёратгоҳларидан Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилишдан бошланди. Меҳмонлар ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасида бўлиб, буюк мутафаккир ва тасаввуф намоёндасининг бой маънавий мероси билан яқиндан танишди. Зиёрат давомида тинчлик, барқарорлик ва халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятлар ҳақида сўз юритилди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Бухоронинг дунёга машҳур тарихий ва меъморий обидалари билан танишди. Хусусан, Арк қўрғони, Сомонийлар мақбараси, Пойи Калон мажмуаси ҳамда Лаби Ҳовуз ансамбли меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Асрлар давомида сақланиб келаётган ушбу ноёб обидаларнинг бетакрор меъморчилиги, миллий нақш ва безаклари ҳамда маънавий қиймати делегация вакилларида қизиқиш уйғотди.
[gallery-29273]
Ташриф давомида икки давлат ўртасидаги тарихий муштараклик, туркий халқларни бирлаштириб турувчи маънавий қадриятлар, маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу каби мулоқотлар нафақат сиёсий алоқаларни, балки халқ дипломатиясини мустаҳкамлаш, туризм ва маданий алмашинувни кенгайтиришга ҳам хизмат қилиши таъкидланди.
Мустафо Дестижи бошчилигидаги делегациянинг Бухорога ташрифи кўҳна шаҳарнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини, унинг нафақат тарих ва зиёрат туризми, балки маданий дипломатия марказларидан бири сифатида ҳам юксак аҳамият касб этаётганини яна бир бор намоён этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.