Диний материалларни текшириш учун махсус Telegram бот ишга туширилди
Эндиликда фуқаролар диний мазмундаги материалларнинг рухсат этилгани ёки тақиқлангани ҳақида махсус Telegram бот орқали тезкор ва қулай маълумот олишлари мумкин. Янги тизим Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ишга туширилди.
Мазкур “Din.uz bot” чат-боти орқали фойдаланувчилар диний адабиётлар, ижтимоий тармоқлардаги профиллар, шунингдек айрим шахс ва ташкилотлар фаолияти қонунчиликка мувофиқ ёки тақиқланганини текшириш имкониятига эга бўлади.
Мутасаддиларга кўра, лойиҳа ижтимоий тармоқларда экстремистик ва радикал ғоялар тарқалишининг олдини олиш, айниқса ёшларни ноқонуний диний контент таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида йўлга қўйилган.
Ботдан фойдаланиш учун телеграм қидирув тизимига “Din.uz bot” номини киритиш ва “Старт” тугмасини босиш кифоя. Шундан сўнг фойдаланувчи лотин ёки кирилл алифбосини танлайди ва тизимдаги хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлади.
Бот қуйидаги асосий бўлимларни ўз ичига олади:
— тақиқланган профилларни текшириш;
— диний адабиётларни текшириш;
— тақиқланган шахс ва ташкилотлар рўйхати;
— Умра лицензиясига эга турфирмалар;
— расмий диний сайт ва каналлар;
— ҳуқуқий ҳужжатлар;
— изоҳ ва таклифлар бўлими.
Масалан, “Тақиқланган профилларни текшириш” хизматида фойдаланувчига Олий суд қарори билан тақиқланган профиллар ҳақида маълумот тақдим этилади. Унда профил номи, фаолият юритаётган ижтимоий тармоқ, изоҳ ва асословчи ҳужжатлар кўрсатилади.
“Диний адабиётларни текшириш” бўлимида эса китоб ёки материал номи, муаллифи, нашриёти, чоп этилган санаси ҳамда диншунослик экспертизаси хулосаси ҳақида маълумот олиш мумкин.
Шунингдек, тизим орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа ваколатли ташкилотларнинг расмий сайт ҳамда ахборот каналларига ҳам кириш имкони яратилган. Бу фуқароларга диний мавзулардаги ишончли ва текширилган манбалардан фойдаланишда ёрдам беради.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА