Жаҳон чемпионати: Германия, Нидерландия ва АҚШ гуруҳ пешқадами бўлди
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилаётган футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатида яна учта гуруҳда учинчи тур учрашувлари якунланди.
Чемпионатнинг "E" гуруҳи сўнгги турида Эквадор ва Германия терма жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Унда Эквадор 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувнинг 2-дақиқасида Лерой Сане ҳисобни очган бўлса, орадан етти дақиқа ўтиб Нилсон Ангуло мувозанатни тиклади. Беллашув тақдирини эса 77-дақиқада Гонсало Плата киритган гол ҳал қилди.
Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Кот-д'Ивуар терма жамоаси Кюрасаони 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдаги ҳар икки голга Николас Пепе муаллифлик қилди.
Шу тариқа, Германия ва Кот-д'Ивуар терма жамоалари 6 очкодан тўплади. Голлар нисбатига кўра Германия биринчи, Кот-д'Ивуар эса иккинчи ўринни эгаллаб, плей-офф босқичига йўл олди. Эквадор 4 очко билан учинчи ўринни банд этиб, кейинги босқичга чиқди. Кюрасао эса 1 очко билан мусобақани тарк этди.

"F" гуруҳининг ҳал қилувчи турида Нидерландия Тунисни 3:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Япония ва Швеция терма жамоалари ўртасидаги баҳс 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Натижада Нидерландия 7 очко билан гуруҳ ғолиби сифатида плей-оффга йўл олди. Япония 5 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Швеция 4 очко билан учинчи ўринни банд этиб, энг яхши учинчи ўрин соҳибларидан бири сифатида кейинги босқичга чиқди. Тунис эса барча учрашувларда мағлубиятга учраб, мусобақа билан хайрлашди.

"D" гуруҳининг сўнгги турида Туркия 3:2 ҳисобида АҚШ термасини мағлуб этди. Парагвай ҳамда Австралия ўртасидаги баҳсда ҳисоб очилмади.
Якуний натижаларга кўра, АҚШ 6 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Австралия голлар нисбатига кўра 4 очко билан иккинчи ўринни банд этди. Парагвай ҳам 4 очко тўплаб, учинчи ўрин соҳиби сифатида плей-офф босқичига йўл олди. Турнир аввалида гуруҳ фаворитларидан бири сифатида қаралаётган Туркия эса сўнгги турда ғалаба қозонганига қарамай, 3 очко билан охирги ўринда қолди ва мусобақа билан хайрлашди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА