Халқаро амалий семинар ташкил этилди
Ҳар бир соҳада билимли бўлиш, уни тажрибада қўллаш янада муҳимроқ.
Билим ва тажриба алмашиш жараёнларини самарали ташкил этиш мақсадида халқаро амалий семинар ташкил этилди.
Семинар дастури Туркия Махсус спортчилар спорт федерацияси (ТОССФЕД) фаолияти ва эришилган ютуқлар акс эттирилган тақдимот видеоси намойиши билан очиб берилди. Шундан сўнг туркиялик мутахассис, доктор Лемон Элмас томонидан интеллектуал ривожланишида ўзига хос хусусиятлари бўлган спортчилар билан ишлашнинг асосий тамойиллари, замонавий ёндашувлар ҳамда соҳага оид муҳим тушунча ва атамалар юзасидан маъруза қилинди.

Машғулотлар давомида интеллектуал ривожланишида ўзига хос хусусиятлари мавжуд спортчиларни классификация қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, иштирокчиларга назарий билимлар билан бир қаторда амалий кўникмалар ҳам етказилмоқда. Халқаро тажрибага асосланган тақдимот ва муҳокамалар мутахассисларга ўз фаолиятида самарали қўллаш мумкин бўлган янги ёндашувларни ўрганиш имконини бермоқда.
Семинар-тренинг давомида иштирокчилар нафақат янги билим ва тажрибаларни эгалламоқда, балки турли мамлакатлардан ташриф буюрган мутахассислар билан ўзаро фикр алмашиб, профессионал ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.
Шербек Исломов, ЎзА