Жаҳон чемпионати: Бугун яна учта гуруҳда плей-офф масаласи ҳал этилади
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилаётган футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатида бугун, 26 июнь куни "G", "H" ва "I" гуруҳларида учинчи тур учрашувлари ўтказилади. Айрим жамоалар плей-офф йўлланмасини аллақачон таъминлаган бўлса, бошқалари учун ҳал қилувчи баҳслар олдинда.
Футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатида бугун, 26 июнь куни "G", "H" ва "I" гуруҳларида учинчи тур учрашувлари бўлиб ўтади.
Кун дастурини "I" гуруҳидан ўрин олган Франция – Норвегия ҳамда Сенегал – Ироқ терма жамоалари ўртасидаги баҳслар очиб беради. Учрашувлар мамлакатимиз вақти билан 27 июнь куни соат 00:00 да бошланади.
Мазкур гуруҳда Франция ва Норвегия терма жамоалари 6 очкодан жамғариб, иккинчи тур якунидаёқ плей-офф босқичи йўлланмасини расман қўлга киритган. Шу боис улар ўртасидаги баҳс асосан гуруҳ ғолиблиги учун кечади. Сенегал ҳамда Ироқ ҳозирча очко жамғармаган ва ўзаро тўқнашувда мундиалдаги илк очколарини қўлга киритиш учун майдонга тушади.

Соат 05:00 да "H" гуруҳида Кабо-Верде – Саудия Арабистони ҳамда Уругвай – Испания учрашувлари старт олади.
Айни пайтда Испания 4 очко билан гуруҳ пешқадами ҳисобланади. Уругвай ва Кабо-Верде 2 очкодан тўплаган бўлса, Саудия Арабистони 1 очко билан кейинги босқич учун курашни давом эттирмоқда.

Гуруҳдаги вазиятдан келиб чиқиб, Кабо-Верде ва Саудия Арабистонини фақат ғалаба қониқтиради. Уругвай эса Испанияни мағлуб этган тақдирдагина кейинги босқичга чиқиш имкониятини оширади. Испания учун ҳам сўнгги тур ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Чунки мағлубият жамоани учинчи ўринга тушириб юбориши мумкин.
"G" гуруҳида эса Миср – Эрон ҳамда Бельгия – Янги Зеландия учрашувлари бўлиб ўтади. Ушбу баҳслар мамлакатимиз вақти билан соат 08:00 да старт олади.
Ҳозирча Миср 4 очко билан гуруҳ етакчиси бўлиб турибди. Эрон ва Бельгия 2 очкодан жамғарган, Янги Зеландия эса 1 очко билан плей-офф учун имкониятни сақлаб қолмоқда.
Шу боис учинчи турдаги барча учрашувлар муросасиз курашларга бой ўтиши кутилмоқда. Эрон, Бельгия ва Янги Зеландия терма жамоалари ғалаба қозонган тақдирда плей-офф босқичига чиқиш имкониятини сақлаб қолади ёки йўлланмани қўлга киритади. Миср эса гуруҳ пешқадамлигини сақлаб қолиш учун майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА