Ижтимоий-ҳуқуқий масалалар юзасидан мурожаатлар кўриб чиқилди
Тошкент шаҳар Яшнобод туманида Тошкент давлат юридик университети Юридик килиникаси томонидан 50 дан ортиқ фуқаролар иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Сайёр қабул жараёнида маҳалла аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказилиб, фуқаролар томонидан қатор ижтимоий-ҳуқуқий масалалар кўтарилди.

Жумладан, ижтимоий ҳимоя, нафақа ва моддий ёрдам олиш тартиблари, мерос масалалари, яъни меросни расмийлаштириш, меросхўрлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларга доир саволлар ўрганилди.

Шунингдек, кредит мажбуриятлари, қарздорликни тўлаш ва банклар билан муносабатлар юзасидан муаммолар, алимент ундириш, унинг миқдори ва тўланиш тартиби бўйича мурожаатлар кўрилди.

Шу билан бирга, сайёр қабул давомида фуқароларга юқоридаги масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, амалда қўллаш мумкин бўлган тавсиялар тақдим этилди.

Бундан ташқари, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жумладан, оилавий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ва қонунчилик талабларига риоя қилиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА