Исроилнинг сулҳга муносабати қандай?
Исроил Эрон ва АҚШ ўртасида эришилган сулҳ келишувидан норози, деб хабар берди CNN вазиятдан хабардор манбага таяниб.
Исроил Президент Дональд Трампдан ўрнак олиб, сулҳга риоя қилади, аммо бу қадамни мамлакат ўз хоҳиши билан ташлаётгани йўқ. Зеро, Тель-Авив ҳамон ҳарбий йўл билан эришмоқчи бўлган мақсад ва вазифалардан чекинмаган.
Маълумки, Оқ уй Эрон билан икки ҳафталик сулҳга келишилганини билдирди. Таъкидланишича, Қўшма Штатлар Теҳрондан музокара учун асос бўла оладиган 10 банддан иборат таклиф олган.
Кейинчалик Эрон Олий Миллий хавфсизлик кенгаши урушда ғалаба қозонганини айтиб, АҚШ мамлакатнинг таклифини қабул қилганига урғу берди. Ислом Республикаси Хавфсизлик кенгаши Қўшма Штатлар илгари сурилган талабларга рози эканини даъво қилмоқда. Келишувда Эрон Ҳурмуз бўғози устидан назорат ҳуқуқини сақлаб қолиши, АҚШ Теҳронга товон тўлаши, амалдаги санкция бекор қилиниши, Ислом Республикаси уранни бойитишда давом этиши ва Қўшма Штатлар Яқин Шарқдан қўшинини олиб чиқиши сингари шартлар бор.
Икки томонлама музокара 10 апрель, жума куни Покистоннинг Исломобод шаҳрида бошланади. Теҳрон мулоқот учун икки ҳафта вақт ажратди. Шу вақт ичида сулҳ тузилади. Хавфсизлик кенгаши музокара билан уруш тугамаслигини таъкидлади.
Аввалроқ АҚШ Президенти Теҳрондан Ҳурмуз бўғози орқали транспорт қатновини очишни талаб қилган. Акс ҳолда Эрон кўприклари ва электр станцияларига зарба берилиши таҳдидини илгари сурган. Ўз навбатида, Ислом Республикаси америкаликлар ўз режасини амалга оширса, қасос чоралари кўришга ваъда берди.
Бир кун олдин Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Трампдан АҚШ – Эрон келишуви муддатини икки ҳафтага узайтиришни сўради. Шунингдек, Теҳронни хайрихоҳлик белгиси сифатида ўша даврда Ҳурмуз бўғозини очишга чақирди. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт Америка етакчиси Покистон таклифини кўриб чиққанини билдирди.
С.Раҳимов, ЎзА