Чарльз III АҚШ ва Британия иттифоқини мустаҳкамлашга чақирди (+видео)
Буюк Британия қироли Чарльз III АҚШ билан мамлакатининг кўп йиллик муносабатларини юқори баҳолаб, икки давлат ўртасидаги иттифоқни “инсоният тарихидаги энг муҳим иттифоқлардан бири” деб таърифлади. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Қиролнинг тўрт кунлик ташрифи доирасида АҚШ мустақиллигининг 250 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди. Тадбирда нутқ сўзлаган Чарльз III икки мамлакат ўртасидаги тарихий ва маданий алоқалар мустаҳкам эканини таъкидлади.
Чарльз III шу билан бирга АҚШ раҳбарларини халқаро ҳамкорликни давом эттиришга чақириб, дунё ишларидан четда қолмаслик муҳимлигини қайд этди. У, айниқса, Эрон билан боғлиқ вазият туфайли муносабатлар синовдан ўтаётганини ҳам эслатиб ўтди. Британия монархи демократияга оид умумий қадриятларни ҳам алоҳида таъкидлади.
Қиролнинг ташрифи АҚШ президенти Дональд Трамп Буюк Британиянинг айрим сиёсий қарорларини танқид қилаётган мураккаб даврга тўғри келди. Жумладан, у бош вазир Кир Стармерни Эрон масаласидаги позицияси учун бир неча бор танқид қилган эди.
Қирол йиғилганлар даврасида айтган қадаҳ сўзида икки давлат ўртасидаги иттифоқни “фаровонлик ва хавфсизликнинг асосий устуни” деб атади.
Шунингдек, у Трамп бир неча бор танқид остига олган НАТО каби халқаро иттифоқнинг аҳамиятини таъкидлаб, Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди.
Нутқ давомида қирол кўпроқ ҳазиломуз услубдан фойдаланган. Масалан, Дональд Трампнинг Давос анжуманида Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги гапларига жавобан у шундай деди: агар АҚШ бўлмаганида Европа немисча гапирар эди, деган фикрга ишора қилиб, агар биз бўлмаганимизда, сиз французча гапирар эдингиз, деб ҳазил қилди.
Шунингдек, у Оқ уйнинг шарқий қисми қайта қурилганини ҳам тилга олиб, 1814 йилдаги урушда инглиз қўшинлари президент саройини ёқиб юборганини ҳазиломуз тарзда эслатди.
Ўз навбатида, Трамп ҳам ҳазил билан жавоб қайтариб, онаси бир пайтлар шаҳзода Чарльзга ошиқ бўлганини маълум қилди ва қирол нутқини “ажойиб” деб баҳолади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/SY5hFui3eIE" title="Charlz III AQSH va Britaniya ittifoqini mustahkamlashga chaqirdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА