Туапсе НҚИЗга яна дрон ҳужуми уюштирилди
Краснодар ўлкаси тезкор штаби ижтимоий тармоқ орқали тарқатган хабарда айтилишича, Россиянинг Туапсе нефтни қайта ишлаш заводи ва денгиз терминалига яна ҳарбий ҳужум уюштирилган. Дрон парчалари қулаб тушиши натижасида заводда ёнғин чиққан.
“РИА Новости” ёзишича, Туапседаги нефть омборига 16-апрель куни ҳам ҳужум қилиниб, корхона ҳудудида бошланган ёнғин бир ҳафта давом этди.
Губернатор Вениамин Кондратьев “НҚИЗ яқинида жойлашган бинолар аҳолиси хавфсизлиги учун эвакуация ишлари олиб борилгани”ни эълон қилди. Оловни ўчириш учун 164 мутахассис, 46 техника жалб қилинган.
Шунингдек, Украинадаги ижтимоий тармоқ саҳифалари аввалги ҳужумда омборхонага зарба берилгани, бу гал бевосита завод нишонга олингани маълум қилинган.

Роснефть таркибига кирадиган “РН-Туапсе нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ экспортга мўлжаллаб модернизация қилинган мажмуа ҳисобланади. Корхонанинг бирламчи нефтни қайта ишлаш бўйича лойиҳавий қуввати йилига тахминан 12 миллион тоннани ташкил этади. Асосий йўналиш мавжуд қувват орқали экспортга йўналтирилган юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришдан иборат.
2026 йил Киев РФ стратегик объектларига дрон билан ҳужумни кучайтирди. Украина Мудофаа вазирлиги ушбу ўзи учар учоқларнинг зарба бериш масофаси 170 фоиз ошганини эълон қилган.

2022 йил Саратов вилоятидаги 650 км масофада жойлашган “Энгельс-2” авиабазаси нишонга олинди. Ўшанда “Ту-95” бомбардимончи самолётлари зиён кўрган. 2024 йил Украина ҳужум масофасини 1200 км гача етказди ва Алабугадаги “Шаҳид” дрони ишлаб чиқарадиган корхонани тўпга тутди. Шундан сўнг дронлар чегарадан 1500 кмда жойлашган “Газпром Нефтехим Салават” НҚИЗга ҳам етиб борди.

2026 йил Украина дронлари учун рекорд масофа – 1750 км қайд этилди. Ҳужум Коми Республикасидаги Ухта НҚИЗга йўналтирилди.
– Март ойининг ўзида дронларимиз беш стратегик завод, 10 НҚИЗни мўлжалга олди, – дейилган Украина Мудофаа вазирлиги баёнотида. – Амалиёт географияси Қримдан Ленинград вилоятигача бўлган масофани қамраб олди.
С.Раҳимов, ЎзА