Испанияда 2 тонна кокаин ортилган яхта қўлга олинди
Испания ҳукумати мамлакат шимоли-ғарбидаги Галисия қирғоғидан қарийб 650 километр масофада 2,1 тонна кокаин гиёҳвандлик моддаси олиб кетилаётган яхтани тутиб қолди. Мамлакат Солиқ ва божхона бошқармаси (AEAT) маълум қилишича, кема саҳнидаги тўрт нафар экипаж аъзоси – Аргентина, Уругвай, Колумбия ва Албания фуқаролари ҳибсга олинган.
Гуруҳнинг яна бир вакили "Барселона" яқинидаги Жирона шаҳрида ушланган. Польша байроғи остида сузган 14 метрлик яхта Виго портига тортиб борилган. Июль ойида Испаниянинг Франция билан чегарага яқин Ўрта ер денгизи соҳилидаги Росес портидан сузиб чиққан ушбу кема масофа бошидан кузатувда эди.
Божхона хизмати билдиришича, мазкур жиноят елканли яхта орқали гиёҳванд модда ташишга ихтисослашган ҳамда Шарқий Европа ва Болқон ярим оролидаги жиноий тузилмаларга хизмат таклиф қилиб келган тўдага алоқадор.
Муваффақиятли амалга оширилган амалиётда Франция божхонаси, Польша ва Буюк Британия полицияси, шунингдек АҚШ Гиёҳвандликка қарши кураш бошқармаси (DEA) ҳам иштирок этган. Маҳсулот қаердан олиб келингани, яхтага қачон ва қаерда ортилгани тафсилоти ҳозирча аниқланмаган.
Ф. Яхшибоева, ЎзА