Иқтидорли ёшлар учун имконият
Юртимизда Президентимиз ташаббуси билан биз каби ёшларга ўз иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Кейинги йилларда барча жабҳаларда бўлгани каби тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш, мазкур йўналишида фаолият олиб бораётган ижодкорлар, айниқса, ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали” ҳафталиги, “Камолиддин Беҳзод издошлари”, “Санъат ва маданият”, “Навқирон Ўзбекистон!”, “Расмлар жилоси – она диёр” сингари мусаввирларнинг ижодий танловлари биз ёш рассомларга кенг имкониятлар эшигини очди.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги “Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида икки йилда бир марта ўтказиладиган рассомлар фестивали ёш рассомлар учун шубҳасиз, маҳорат, тажриба майдонига айланади.
Бобур шаҳрида май ойида бўлиб ўтадиган ушбу фестиваль юртимизда тасвирий санъат соҳасини ривожлантиришга хизмат қилиши билан бирга, мўйқалам аҳли, айниқса, ёш мусаввирларга ўз истеъдод, маҳорат ва салоҳиятларини юзага чиқаришларига кўмак беради.
Муқаддас Абдуғаниева,
АДУ тасвирий ва амалий санъат йўналиши 2-босқич талабаси,
“Камолиддин Бехзод издошлари” республика танлови ғолибаси.
ЎзА.